15:35 / 15.04.2017
7499

Нукусда метеорологик станция ишга туширилди

13-14 апрель кунлари Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакат вазирликлари, идоралари, миллий ва ҳудудий ОАВ вакиллари БМТнинг Қўшма дастури “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасига танишув сафарида иштирок этишди, деб хабар бермоқда Kruz.uz.

Асосий мақсад - БМТ Қўшма дастурининг биринчи босқичида эришилган натижалар билан танишиш, қатнашчиларга донорларнинг кенг иштироки орқали тузилиши таклиф қилинаётган кўпшериклик фондининг ҳамда Оролбўйи минтақаси ривожига қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришдир.

Метеорологик станцияни ишга тушириш маросимида юқори мартабали меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистондаги БМТнинг Доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТТДнинг Доимий вакили жаноб Стефан Приснер мамлакатда фаолият олиб бораётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон ҳукуматига ва Орол денгизи фожеаси натижасида азият чеккан маҳаллий аҳолига инсон хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган турли муаммолар ечимини топиш орқали кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистондаги БМТД ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ҳамда иқлим ўзгаришлари ҳақида БМТнинг доиравий конвенциясини Мослашув (Адаптацион) фонди томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси Қорақалпоғистоннинг бешта намунавий туманларида фаолият кўрсатмоқда.

Нукус шаҳридаги Қўшма дастур офисида ўтказилган учрашув пайтида иштирокчилар БМТнинг Оролбўйи ҳудудидаги кўмак бериш устуворликлари ҳақида қисқа тақдимот билан танишдилар, Қўшма дастур янги босқичи Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик мақсадли фонди доирасида халқаро ҳамкорларни мувофиқлаштирилган ҳолда янада кўпроқ жалб қилишни мақсад қилгани ҳақида батафсил маълумот олдилар.

Мўйноқ ўлкашунослик музейи ва Мўйноқ туманидаги кемалар қабристонига сафар Қорақалпоғистон аҳолисини илгариги ва ҳозирги воқеликдаги турмуш фаолиятининг умумий суратини шакллантириш имконини берди.

Top