Фан-техника | 00:41 / 16.05.2017
14569
2 дақиқада ўқилади

Беларусда ёғоч велосипедлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Фото: @belwooddoors_by

Беларуснинг эшик ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компанияси ёғоч велосипедлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Рамаси оқ қайиндан ёки шумтолдан ясалган велосипед дастаки усулда ишлаб чиқарилмоқда, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.  

Ёғоч фақатгина рамада ишлатилади, руль, каретка ва бошқа қисмларни тайёрлаш учун пўлат қуймалар қўлланади.

Оқ қайиндан ясалган рамали велосипед 1890 Беларусь рубли (минг долларга яқин), шумтолдан ясалган рамалиси эса 2290 Беларусь рубли (1210 доллар) туради. Шунингдек, нарх буюртмачининг истаклари ва велосипед бутланишига ҳам боғлиқ бўлади. Минимал нархдаги велосипедда олд тормозлар йўқ бўлиб, минимал миқдорда қўшимча элементлар кўзда тутилган. Ёғоч рамага 5 йил кафолат берилади. Велосипеднинг ўзи эса 21 кг ни ташкил қилади. 

Бундай велосипедлар дастаки усулда йиғилади. Компания бонус сифатида ўриндиқ остида жойлашадиган, бирор ёзув ёки логотип тушириб бериладиган шахсий табличкани таклиф қилмоқда.  

Беларусда ёғоч велосипедлар ўтган асрнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарилиши бошланган. 1933 йилда тўлиқ ёғочдан ясалган велосипедлардан бири Беларусдаги музейлардан бирида сақланади. У ярмаркага келган деҳқон одамдан сотиб олинган. Деҳқон қимматбаҳо темир велосипед сотиб ололмагани сабаб, ёғоч велосипед яратишга қарор қилган. Музей ходимларининг айтишича, ушбу велосипедни ҳали ҳам минса бўлади.

Мавзуга оид