Жаҳон | 08:54 / 28.05.2017
10318
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг биринчи президенти қабрига вандаллар томондан шикаст етказилди

Фото: AFP

Франциянинг собиқ президенти, марҳум Шарль де Голлнинг Франциянинг шимоли-шарқидаги Коломбе-лё-дёз-Эглиз коммунасидаги қабри вандаллар томондан вайрон қилинди. Де Голл дафн қилинган қабристонда, шунингдек унинг рафиқаси ва қизи қабрлари ҳам бор.

Вандаллар 27 май кечки вақт қабристонга кириб, қабрда ўрнатилган хочни ағдариб ташлашган. Бунинг оқибатида у ўртасидан парчаланиб кетган. Баъзи маълумотларга кўра, вандаллар икки киши бўлган. Қолган қабрларга шикаст етказилмаган. Ҳозир воқеа тергов қилинмоқда.

Шарль де Голль Франциянинг 20-асрдаги энг муҳим шахсларидан бири ҳисобланади. Иккинчи жаҳон уруши вақтларида у француз қаршилиги рамзига айланган. Де Голль Бешинчи республикага асос солган ва унинг биринчи президенти бўлган. У мамлакатни 1959-1969 йиллар давомида бошқарган. У кенг ваколатлар олиб, АҚШ ва собиқ Иттифоқнинг дунёдаги ҳукмронлиги ғоясини инкор этиб, французларга жаҳон саҳнасида мустақил овоз ҳуқуқини берган ўзига хос ташқи сиёсат олиб борган.   

Генерал де Голль 1970 йилда вафот этган.

Мавзуга оид