Жамият | 11:32 / 22.10.2017
53820
6 дақиқада ўқилади

“Мармарис” ресторанидаги ҳангома ёхуд “Dress-code”ни жорий этишдаги хатолик

Архив сурат / Resto.uz

Бугунги кунда талай мамлакатлардаги умумий овқатланиш муассасаларида хўрандалар ва меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатиш ҳамда ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида “Dress-code” жорий қилиниши оддий ҳолга  айланиб қолган.

Хўш, “Dress-code” нима дегани?

Бу атама инглизча бўлиб, “Либос кодекси” деган маънони билдиради. Аниқроғи, муайян тадбирлар, ташкилотлар ва муассасаларга борганда кийилиши қатъий талаб этиладиган либосларни англатади. 
Дарвоқе, баъзи ташкилотларда муҳим қарорлар қабул қилиш (масалан, иш бўйича музокаралар олиб бориш) билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш жараёнида  иштирокчилар  кийимларига катта эътибор қаратилади. Офисда ишловчи ходимлар киядиган либослар ҳам кўпинча қатъий белгилаб қўйилади. 

“Dress-code” маълум бир тадбир учун мўлжалланган кийиниш услубини характерловчи ўз белгилари ва қоидаларига эга. Одатда бу услуб тадбирга таклифномада кўрсатилади. 
Сирасини айтганда, “Dress-code” амалда бўлган жойларга сиз худди тўйга кетаётгандай ясаниб, замонавий хоним ёки замонавий жаноб бўлиб боришингиз шарт, акс ҳолда, ўша  муассасаларга киришингиз амри маҳол.

Сўнгги пайтларда бу янглиғ тартиб-қоидаларни қўллаш бизнинг юртимизда ҳам урф бўлмоқда. Албатта, у миллий қонунчилигимизга зид келмаслиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этмаслиги, ҳамма учун баробар бўлиши зарур. Амалда эса, баъзан тескариси бўлаяпти. Мана, бир мисол.      

Яқинда қўмитага Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Рўзметов пойтахтимиздаги машҳур “ILK BIZNES” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Мармарис” ресторанида рўй берган “Dress-code” билан боғлиқ воқеа тўғрисида хабар йўллади. Таъкидлашича, унинг  ўртоқлари “Мармарис” ресторанида овқатланиш учун олдиндан буюртма беришади. Белгиланган куни соат 20.00 да дўстлари ресторанда жам бўлиб, хизматчилардан бир неча хил таомлар (салат, ичимлик, суюқ ва қуюқ овқатлар)га келтиришларини сўрашади.  

Кейинроқ Д.Рўзметов ресторанга кириб келган вақтда эса эгнида асосан гольф ва теннис ўйнаганда кийиладиган калта енгли ва ёқали (поло) спорт кийими, оёғида эса красовка бор эди. Рестораннинг қўриқлаш хизмати ходимлари ва менежери уни тўхтатиб, ресторан ички қоидаларига кўра, унга спорт кийимида кириш мумкин эмаслигини айтишади. Худди шу лаҳза Д.Рўзметов ресторанда бу талабга риоя қилмаган ҳолда юрган хўрандаларни кўриб қолади-ю, “У ҳолда, анави кишиларни нега киритдингиз?” деб сўрайди. Эвазига “Хорижлик меҳмон бўлгани учун уларга мумкин”, деган жавобни эшитади... 

Мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, “Мармарис” ресторанига ташриф буюрувчи мижозлар учун, ҳақиқатан ҳам, алоҳида қоидалар ишлаб чиқилган бўлиб, спорт кийимидаги кишиларнинг унга кириши тақиқланган.  

“Бу талаб спорт кийимида бўлган чет эл фуқаросига нисбатан ҳам татбиқ этиладими?” деган саволга жавобан ресторан мулозимлари “улар истисно тариқасида киритилишлари мумкин”лиги маълум қилишди. Аммо ресторан раҳбарияти жорий этган қоидалар кўздан кечирилганда, уларга амал қилмаслиги мумкин бўлган шахслар тўғрисида алоҳида банд йўқлиги аён бўлди. 

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида истеъмолчилар товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) тўғрисида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Ушбу қонуннинг 5-моддасида эса ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши зарурлиги белгилаб қўйилган. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим. Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш қоидалари хусусида батафсил маълумот бериши шартлиги кўрсатилган.  

Юқорида тилга олинган ҳолатда эса қонун талаблари бузилиши аломатлари аниқланди. Уни бартараф этиш учун “ILK BIZNES” МЧЖга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори бўйича иш қўзғатилиб, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилди. Пировардида комиссия қарорига асосан “ILK BIZNES” МЧЖ масъуллари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-, 6- ва 21-моддалари талаблари бузилишига йўл қўйишган деган хулосага келинди ва содир этилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди. 

Шунингдек, корхона келгусида бундай қонунбузарликлар такрорланиши олдини олиши, истеъмолчиларга хизматлар кўрсатишда шаффофликни таъминлаши, хўрандаларни миллати ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб камситмаслик бўйича барча зарурий чора-тадбирларни кўриши, ресторан томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тўлиқ ва ўз вақтида маълумотлар тақдим этишни йўлга қўйиши, унинг расмий сайти ёки бошқача тарзда етказиб бериш мумкин бўлган воситалар орқали мижозларига рестораннинг ички қоидалари тўғрисидаги батафсил маълумотларни жойлаштириши лозимлиги эслатиб ўтилди.

“ILK BIZNES” МЧЖ раҳбарияти бу талабларни бажариб, қўмитага тегишли тартибда маълумотлар тақдим этди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар қандай тартиб-қоида тенглик ва адолат тамойиллари асосида  яратилиши ҳамда унинг талаблари ҳамма учун баравар бўлиши  керак! 
 

Абдураҳмон РАУПОВ,
Давлат Рақобат қўмитаси
Реклама фаолиятини назорат қилиш ва
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бошқармаси бош мутахассиси
.

Манба: biznes-daily.uz

Мавзуга оид