12:29 / 31.10.2017
6355

Mail.Ru Group асосчиларидан бири Дмитрий Гришин ўз улушини сотмоқда

Фото: VC.ru

Дмитрий Гришиннинг Denholma Limited компанияси Mail.Ru Group компаниясининг 4,7 млн дона акциясини халқаро депозитар ҳужжат (GDR) сифатида сотувга қўймоқда. Бу холдингнинг 2,1 фоиз акцияси демакдир, дейилади компания хабарида. 

Лондон биржасида савдолар ёпилиши арафасида Mail.Ru Group акцияси 33,33 доллардан сотилаётган эди. Шу билан сотувга қўйилган тўпламнинг бозор қиймати 156,6 млн долларни ташкил этади. 

Мазкур сотувдан кейин Denholma Limited ихтиёрида Mail.Ru Group холдингининг яна 1,1 фоиз акцияси қолади.

Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Гришин 2016 йил октябрь ойида Mail.Ru Group бош директори лавозимини тарк этган. Холдингга VKontakte ижтимоий тармоғида бош директор лавозимини эгаллаб келган Борис Добродеев раҳбарлик қила бошлади. Гришин Mail.Ru Group холдинги бошқарувида директорлар кенгаши раиси сифатида қатнашади. 

Дмитрий Гришин Mail.Ru Group бош директорлигини тарк этганидан сўнг, инвестиция фаолиятига қизиқиш билдира бошлади. У Grishin Robotics жамғармаси орқали Starship муқобил роботлар ишлаб чиқиш лойиҳаси, Wonder ўйин смартфони, Gobee.bike велосипедларни ижарага бериш ва бошқа лойиҳаларга сармоя киритди. 

Top