Ўзбекистон | 17:21 / 28.11.2017
11583
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси: Мўминлик ҳушёрлик демакдир

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 15 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан муносабат билдирди. У Идоранинг расмий сайтига жойлаштирилган.

Ахборот оқими майин шабададек эсиб турган паллаларда мана бундай мулойим хабарлар эшитардик ва кўнглимиз чоғ бўлиб, уларнинг таъсирида бир неча кун тўлқинланиб, эзгу ишларга чоғланиб юрар эдик: бу аёл неча йил хаста ётган қайнонасининг хизматини қилиб, унинг дуосини олган. Шунинг учун ҳам тупроқ ушласа олтин бўляпти; фалончи бобо ўғлининг буйраги касаллигини эшитиб, унга ўзининг битта буйрагини берган.

Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, ота-бола соппа-соғ, бир-бирига қўлдош бўлиб яшаб юрибди; анави келинчакка туғруқхонада дўхтирлар ё сизни, ё болани сақлаб қола оламиз дейишганда, болани сақлаб қолинг, дея ўзининг жонидан кечиб дўхтирларга ёлворган экан. Ҳали ўзи кўрмаган чақалоғи учун ҳеч иккиланмай ёш жонидан кечган келинчакка дўхтирлар ҳам қойил қолибди. Ана боласи ҳам соппа-соғ, ўзи ҳам саломат – Аллоҳнинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам юзи ёруғ. 

Ахборот оқими довулга айлангач, бир-биридан қўрқинчли хабарлар эшитиб, нима бало Ер ўз ўқидан чиқиб кетдими ёки булар охирги замон аломатларимикан, дея хавотирга туша бошладик: Фарғонада келин қайнонасини уриб ўлдириб қўйди, Сурхондарёда ота ўғлини пичоқлаб ўлдирди, Тошкентда Сингапур институти талабаси боласини ҳожатхонага ташлаб кетди.

Президент Фарғонада ўз қайнонасини уриб ўлдирган қотил келин ҳақида гапирди

Бундай нохушликлар қаерда, қайси миллат орасида бўляпти? Қотиллик нима, ваҳшийлик нима билмаган, фақат ва фақат яхшиликни, эзгуликни соғиниб келган, кўтарилган қўллари бировнинг қулоғидан чўзиб қўйишга эмас, хайрли дуолар учун очилган, бандага озор етказмоқ нималигини тушида ҳам кўрмаган Ўзбекистонда, ўзбек халқи орасида юз беряпти.

Халқимизда шу вақтга қадар бирор келин бехосдан қайнонасига баландроқ овозда гапириб қўйса, у одобсиз келин сифатида муҳокама қилинар ва ўзи қилган ишидан уялиб қолганидан хийла вақт кўча-кўйга ҳам чиқолмай, элга аралаша олмай қолар эди.

Боласи дунёга келганда севиниб, дўстларига суюнчи ошлари қилиб бермаган, фарзандига тумов тегса, тунлари билан мижжа қоқмай бошида ўтириб чиқмаган, ўғли ҳарбий хизматга борганда, олий ўқув юртига ўқишга кирганда бундан севинмаган, фахрланмаган ота борми!? Ахир фарзанд отанинг жисмининг бир парчаси эмасми?.. фаросати бор одам ўзининг танасига тиғ теккизишга рози бўладими?

Қиз боланинг номусидан бошқа нимаси бор? Шунинг учун ҳам аёл зоти умр бўйи номусини ҳимоя қилиб яшайди. Номусини бой берган куни ҳамма нарсасидан мосуво бўлади. Ўлганнинг устига тепгандек, ўртада фарзанд пайдо бўлса-чи? Беномус аёлнинг инсонийлик хислатларидан ҳам маҳрумлиги шунда намоён бўладики, иффатли аёл фарзанди учун жон фидо қилса, беномус иффатсизлигини яшириш учун ўз фарзандини қурбон қилади.

Бундай нохушликларнинг олдини олишга бутун жамият бирлашиб ҳаракат қилмасак, бу каби хабарлар кўпайиб бораверса, одамларнинг дийдаси қотиб ўрганиб қолади. Бора-бора қотилликлару ёвузликлар кўз олдида содир бўлса ҳам бефарқларча томоша қилиб тураверади.

Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кимса бир қавм орасига кириб, осийликлар содир этса-ю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб қайтармасалар, Аллоҳ уларга ўлимларидан олдин ўша кимса туфайли азоб юборади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу – бефарқликдан, лойқайдликдан қочиб фаол ва ҳушёр инсонлар бўлишимиз зарурлиги таъкидлади. Зотан, мусулмон киши бефарқ бўлиши мумкин эмаслиги шариатимизда ҳам кўп ва хўб айтилган.

Юқорида мисол тариқасида айтиб ўтилган учта қотиллик диний ва миллий қадриятларимиздан узоқлашиб кетган оилаларда юз берган. Бунга ҳамманинг ақли етиб турибди. Яна ақлимизни шунга ҳам ишлатайликки, биз агар ана шу иккисини маҳкам ушласак ва биз тутиб турган арқондан ёшларимизнинг ҳам маҳкам тутишига эришсак, кўнгилсизликлар ўз-ўзидан барҳам топиб, кунларимиз нурафшон бўлаверади, бунга шубҳа йўқ. Чунки бу синовдан ўтган усул. Аввалгиларни юксакликларга кўтарган нарса кейингиларни ҳам кўтаради. Аждодларимиз диний-миллий қадриятларимизга қатъиян амал қилиб яшаган кезларда миллат юксалган, хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар... чиқиб  Миллий уйғониш юз берган ва яна шундай бўлади, иншааллоҳ!

Мавзуга оид