Жаҳон | 02:41 / 07.12.2017
28699
13 дақиқада ўқилади

Афғонистон ҳақида мулоҳазалар

I-бўлим.

Бир-бири билан рақобат қилувчи давлатларнинг Афғонистон ички сиёсатига аралашуви натижасида бу мамлакатда турли хил ички низолар ўртага чиқарилди, беҳисоб қуролли тўқнашувлар яратилди ва миллионларча бегуноҳ инсонлар қуролли тўқнашувлар натижасида нобуд бўлди. Дунёнинг энг гўзал табиатига ва бир неча минг йиллик тарихий обидаларга эга ўлка вайронага айлантирилди. 

Деҳқончилик қилиб юрган, тижоратда савдо-сотиқ қилиб кун кечираётган ва саноатда ишлаб рўзғорини тебратаётган оддий халқнинг тинчлиги бузилди. Афғонистоннинг давлат тизими барбод қилиниши оқибатида тинчлик ва фаровонликда яшаётган одамлар қўлига қурол олиб ўз оиласини ҳимоя қилишга мажбур бўлди. Инсонлар кўнглига эса кин-адоват ва бир-биридан қасд олиш каби иллатлар ўрнашиб олди. 

Қурол сотишнинг бозори қаерда чаққон бўлади? Албатта, уруш бўлаётган жойда. Шу сабабли Афғонистон кейинги 35 йил ичида қурол ишлаб чиқарувчи давлатларининг қурол сотадиган бозорига айлантирилди. Инсонлар ўлимига ва мингларча оилаларнинг фожиасига сабабчи ўқотар қуролнинг сотилиш жойи бўлган «ўлим бозоридан» тушадиган бир неча миллиард долларлик даромадлар эса сиёсий ўйинлар ёрдамида кимларнингдир чўнтагига тушди, уларнинг бахтли ва фаровон яшашига восита бўлди. Бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган ўқотар қуролларни сотиш йўли билан топилган маблағлар эвазига кимларнингдир давлати дунёнинг энг бой одамлари яшайдиган жойлар дея мадҳ этилди. Қанчадан қанча сиёсатчилар «ўлим бозоридан» тушган пуллар ёрдамида ўзини дунёнинг энг бой одамлари сифатида барчага танитиб, бойликларини оламга кўз-кўз қилди... 

Афғон халқи нимага эришди? Бечора оддий халқ ўлим, мусибат, ғам, ташвиш чангалига маҳкум қилинди. Афғон халқи дунёнинг энг харидоргир қурол бозорининг иштирокчиси бўлаётгани етмагандек, Афғонистон гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи ва сотувчи давлат сифатида дунёнинг энг катта «ўлим сотиш бозори»га ҳам айлантирилди. Чорасиз қолган оддий халқ эса яна ўлим, ваҳшийлик ва бахтсизлик ҳукм сурган «ўлим бозорининг» иштирокчиси бўлиб қолаверди. Афғонистонда давом этаётган уруш ва беқарорлик сабабли у ерда яшаётган кўпчилик авом халқнинг муаммоси фақат нон топиш ва жонини асрашдан иборат бўлиб қолди. 

Узоқ давом этган уруш туфайли ҳозирги кунда афғон халқининг аксарияти давлат қонун-қоидаларига ишонмайдиган аҳволга олиб келинди. Натижада давлат тизимининг барча соҳаларида муаммолар юзага келди ва бунга етарлича мисоллар мавжуд. 

1.  Мамлакатда иқтисодий фаровонлик йўқолди;
2.  Тирикчилик учун керак бўлган эркинлик йўқолди;
3.  Ижтимоий тартиб-интизом назорати қўлдан бой берилди;
4.  Одамларга хос оддийгина инсоний ҳузур-ҳаловат йўқотилди.

Ташқи кучлар таъсирида қолган оддий халқ ва давлат бошқарув тизими, юқорида кўрсатилган муаммоларга ҳозир ҳам эътиборсиз бўлиб яшашга мажбур қилинаётганлиги яшириб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқатга айланган. Бу аҳволнинг асосий сабаблари эса ички сиёсий ва иқтисодий беқарорликдир.

Афғонистоннинг яқин ўтмишида яшаган, баъзи бир нопок ниятли ғаразли кимсалар агар унинг шахсий истаги амалга ошмаса, мамлакатда яна уруш давом этиши мумкинлигини ва ўз мақсади йўлида ҳаттоки афғон халқининг осойишталигини ҳам бузиш қўлидан келишини таҳдидлар билан эълон қилиб, дунёга жар солиб келган эди. Бундай сохта сиёсатчилар Афғонистон ўтмишида оддий авом халқни қўрқитиш ва унга таҳдид қилиш йўли билан сиёсий лавозимларга эга бўлиб, Афғонистон сиёсий саҳнасига ҳам чиқиб олишган ва ўз найрангларини дунё ҳамжамияти кўз олдида кўп марта кўрсатишган.

1. Афғонистоннинг яқин тарихида, ўз давлати ва ўз халқининг ишончини суистеъмол қилиш орқали, ёлғон йўллар билан юксак давлат лавозимларини эгаллаган ва бу ишончни нопок ишларда қўллаб, ўз шахсий манфаатларига эришган амалдор шахсларнинг ўтмишдаги жиноий қилмишлари оқибатида мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазияти ночор аҳволга олиб келинди. Бечора оддий халқ, сохта сиёсатчилар тузган жиноий гуруҳлар томонидан шиддатли куч ишлатилишидан ва қуролли таҳдидлардан қўрққан ҳолда даҳшат ичида яшашга мажбур қилинган;

2. Ислом динини ниқоб қилиб олган шовинистлар ва террорчи гуруҳлар ўзларининг ғаразли ва ёвуз ниятларини яшириш мақсадида Афғонистоннинг оддий авом халқини қўрқув ва даҳшатга маҳкум қилди. Қўрқитиш ва таҳдид қилиш йўли билан мамлакат ичкарисида қилинаётган барча ноҳақликларга, қонунсизлик ва зулмга нисбатан маҳаллий халқ эътиборсиз бўлиб, овозини чиқармай индамасдан яшашга мажбур қилиб келинмоқда;

3. Ўтмишида юксак давлат лавозимларида ишлаган баъзи бир амалдорларнинг очкўзлиги, фаҳм-фаросатсизлиги ҳамда нопоклиги оқибатида Афғонистонда уюшган жиноятчи гуруҳлар юзага чиқди. Бу жиноий гуруҳ эгалари ўз шахсий манфаатларига эришиш йўлида, ҳаттоки Афғонистон давлат қонун-қоидаларида кўрсатилган расмий тартиб-интизомни ҳам маълум бир тоифаларнинг ёки ўзига тегишли қабилаларнинг фойдасига ишлатиб келди. Ҳар хил жиноий гуруҳлар оддий авом халқ ичида турли зиддиятлар келтириб чиқариб, ҳозирги кунда ҳам Афғонистоннинг ташқи ва ички сиёсий вазиятига ёмон таъсир ўтказиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айнан Афғонистонни ички сиёсий бузғунчиликга етаклаган унсурларнинг ўтмишда кўрсатган найранглари ва қилмишлари оқибатида мамлакатда ички низолар кўпайди. Давлат ичидаги парокандалик туфайли юзага чиққан қабилалар ва миллатлар ўртасидаги уруш ҳозирги кунгача Афғонистоннинг оддий авом халқини азоб-уқубатда ва ғам-ташвишда яшашга маҳкум қилиб келмоқда. Натижада ғараз ниятли, нопок кишилар яратаётган адолатсизликлар сабали, нафақат давлатнинг моддий бойлиги ва оддий халқнинг мол мулки, балки одамзотнинг энг катта бойлиги бўлмиш маърифати билан бирга маънавияти ҳам талон-тарож қилиниб, йўқ этилаётгани эътироз қилинмайдиган ҳақиқатга айланди. Қарийиб 35 йилдан буён мамлакат ичкарисида давом этаётган уруш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариб дунёга тарқатиш ишлари афғон халқнинг умумий кайфиятини ва аҳволини жуда ҳам аянчли кўринишга олиб келди. 

Барча ёмон иллатларнинг чиқишига сабабчи бўладиган мутаассибликни Афғонистонда тарғиб қилиб юрган кўп саводсиз ва жоҳил кишилар авом халқнинг онгини заҳарлаш билан овора. Уларнинг аксарияти «жон билан нон қайғусида юрган одамларга маънавият, маърифат, тил ва адабиётнинг нега кераги бор, тарих билан фалсафанинг нега кераги бор, умуман илмнинг нега кераги бор, ундан кўра бир бурда нон топиш учун ҳаракат қилиш афзал, жонимизни сақламоқдамиз, биз билан ишинг бўлмасин, бизнинг ўз йўлимиз бор», деган гаплар билан ўз қобиғига бурканиб олган. Афсуски, бундай кимсаларнинг фаолиятлари оддийгина нодонлик ва одобсизликнинг кўриниши бўлишига қарамай, Афғонистонда замонавий ҳаётни инкор этувчи кишилар билан бирга, ўзларининг бўлмағур ва сохта ғояларини тарғиб қилувчи кимсалар ҳам кенг тарқалган. 

Бундай нохуш вазият нафақат Афғонистонда, балки дунёнинг аксарият тинч ва фаровон яшаётган мамлакатларида ҳам юзага келиши мумкин. Ҳозирги глобаллашув даврида Афғонистондагидек ачинарли вазиятга тушиб қолишдан дунёнинг ҳеч бир давлати кафолатланмаган даврда яшаётганлигини ҳеч ким унутмаслиги керак. Чунки ўз манфаатларини кўзлаб, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашадиган ташқи кучлар томонидан дунёнинг кўпчилик давлатларида яратиб келинаётган қуролли тўқнашувлар бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Уруш ва зулм ҳукм сурган жойда иқтисодий йўқчилик, сиёсий танглик юзага келиши, оддий халқнинг ишсиз, қашшоқ бўлиши ва мамлакат вайронага айланиши муқаррардир. Бу ҳам Афғонистон мисолида ўз кўзингиз билан кўриб турган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатлардан бири бўлиб қолди.

Бугунги кунда Афғонистонда яшовчи аксарият инсонларнинг энг катта умиди ва мақсади жон сақлашдан иборат бўлиб қолди. Ўн гулидан бир гули очилмаган, ўсиб келаётган ёш авлоднинг яшаб турган ҳар кунги даҳшат тўла ҳаётида кўрган ва билганлари - уруш, ўлим, йўқчилик ва шиддатли ёвузлик. Албатта, бундай аҳвол ёшларнинг руҳий кечинмалари ва ёшгина онгига қаттиқ зарба бермоқда. Шундай вазиятларда яшаётган бўлишса-да, афғонистонлик ёшларининг энг катта орзу-ҳаваси асосан мактабда ўқиш, савод чиқариш ва тинчликни армон қилишдан иборат бўлиб қолди. Ўз навбатида, шунчалик даҳшат ва уруш ичида ҳам ўқишга, саводли бўлишга интилишини буюк инсонийлик фазилатларнинг кўриниши деб ҳисобламоғимиз зарур. 

Замонавий таълим тарбия олишни истаган ва дунёдан хабардор бўлишга қизиқувчан ёш бола, Афғонистондаги ўрта таълим мактабларининг бирини битирганидан сўнг ўқитувчилик касбини чуқурроқ ўрганиш мақсадида олийгоҳлардан бирига киради ва диплом олиб, олийгоҳни битириб чиқади, хўш, бундан кейин нима бўлади? Албатта, Афғонистонда иш излаш билан овора бўлиб, тиббиётга кирсам бўлар экан, иқтисодга кирсам бўлар экан, деган афсус-надоматлар даври бошланади. Кошки, тиббиёт ёки иқтисодни ўқиб чиққанлар учун иш топилса. Олийгоҳни битириб чиққанларнинг ҳаммасига ҳам иш топилавермаслигини англаб етган ёшгина инсон ҳаётнинг қийинчиликларига бардош бера олмай жиноятчилик гирдобига кириб кетади. 

Чорасизлик ва оғир иқтисодий қийинчиликлар туфайли аҳоли турмушида юзага чиққан оғир аҳволдан фойдаланиб, иш юритаётган жиноий гуруҳлар ўзлари яратган шундай ноқонуний муҳитнинг таъсирида кўплаб афғонистонлик ёшларни ҳар хил ёлғонлар билан ўзлари томонга оғдириб олмоқда. Оддийгина шундай сабаларга кўра, афғонистонлик ёшлар жиноятчи гуруҳлар сафига кириб кетишмоқда. 

Афсуски, Афғонистонда асосан ёшлар уруш, одам ўлдириш, наркотик тижорати, терроризм, ҳудкушлик, саводсизлик ва чорасизлик ҳукм сурган вазиятнинг қурбонларига айланмоқда. Инсонлар тақдирини вайрон қилиб, уларни қоронғулик сари етаклаб, саводсизлик ва йўқчилик чангалига ташлашни амалга ошириб келаетган кимсаларнинг қилмишлари эвазига баъзи бир ёшлар умидсизлик гирдобига кириб, бераҳмлик ва ҳаётга ишончсизлик иллатлари билан ўзларини булғаб қўйишмоқда. 

Умуман олганда, бутун олам инсон учун яратилганини ва бу дунёда фақат эзгулик қилиш ўринли эканлигини дунёнинг барча динлари ва фалсафий оқимлари тарғиб қилиб келмоқда. Уруш, жанжал, бегуноҳ одамларнинг ўлими айнан илмсизлик ва саводсизлик оқибатида келиб чиқадиган инсониятга қарши жиноят эканидан кўпчиликнинг хабари бор. Лекин афғонистонлик ёшлар эсини танибдики, Ислом дини йўлида Аллоҳ учун бировнинг ўлдирилганини эшитади ёки кўради. Аслида эса, Оллоҳ томонидан одамга берилган руҳ ўз бандасига берган яратган эгасининг иноятидир. Одам одамга жон бермаган. Инсоннинг жонини зўрлаб, шиддатли куч ишлатиб, суғуриб олишга ҳеч бир банданинг ҳаққи йўқ.

Инсон жони шунчалик қадрсизландими?! Наҳотки, инсонни қийнаш ва унинг жонига қасд қилиш нафақат мусулмоннинг, балки одамзотга хос эмаслигини тушунтириш муаммо бўлса?! Нега Афғонистонда бировнинг дунёқараши ва тушунчалари иккинчи одамникига ўхшамагани учун унинг жонини оладиганлар кўпайиб кетди? «Наҳотки, шу эътиқод бўлса?», «Наҳотки, бу дин бўлса?», «Наҳотки, бу инсонийлик бўлса?», деган ички туғёнлар Афғонистон ёшларининг деярли барчасини қийнаётганини инсонийлик фазилатлардан йироқ бўлмаган барча одамлар ўз фаҳм-фаросати орқали сезиб, била олади. Бутун ёшлиги қўрқув, даҳшатли уруш-жанжал ичида ўтган инсон учун тинчлик ва фаровонлик қанчалик буюк неъмат ва етиша олмайдиган орзу-ҳавас эканлигини афғонистонлик ёшлар яхши тушунишади.

Бундай аҳволга эътибор қилмасликнинг ўзи, нафақат бегуноҳ инсонлар ўлимига қилинган эътиборсизлик ва лоқайдсизликдир, балки инсониятга қарши қилинаётган буюк бир жиноятга ҳам индамасдан шерик бўлиш билан тенг дея баҳоланмоғи ўринли бўлар эди. 

(Мақолани тайёрлашда муаллифнинг Афғонистонда нашр қилинган «Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими дастурлари» китобидан фойдаланилди)

Афғонистон ҳақида мулоҳазалар II-бўлим

Шуҳрат Саламов

Мавзуга оид