Спорт | 14:20 / 18.12.2017
56460
8 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб автомобиль ювувчи ўзбек йигити кикбоксинг юлдузига айланди?

Фото: Men's Health

Кундузи машғулот, кечқурун иш – Шер Мамазулунов, ўзбекистонлик оддий кикбоксчи, Россияни забт этмоқда ва автомобилларни ювиш шохобчасида ишлашдан уялмайди, сабаби кикбоксингнинг ўзида яхши маблағлар ишлаб топиш анча мушкул. Men'sHealth нашри 14 декабрь куни TNA жангларида россиялик спортчи Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратиб жаҳон чемпионига айланган Шер ҳақида мақола эълон қилди.

Кечки соат ўн, Химки, автомобиллар ювиш шохобчаси. Ўзбекистонлик йигит мижозининг машинасини ювмоқда. Бир қарашда оддий йигитдек тасаввур уйғотади. У бир неча кун муқаддам мамлакатдаги кикбоксинг бўйича энг кучли мусобақада жанглар ўтказгани ҳамда икки карра жаҳон чемпиони Александр Дробинин устидан ғалаба қозонганига ишониш қийин. 14 декабрда эса ўзбекистонлик йигит TNA қоидалари бўйича жангларда жаҳон чемпионига айланди. У Қозон шаҳридаги рингда россиялик Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратди. Автомобилларни ювувчи оддий йигит қандай қилиб жаҳон чемпионига айланди?

Эрталабки соат ўн, Москва, Комсомол майдонидаги жангчилар клуби. Автомобиллар ювиш шохобчасидаги йигит таниқли жангчилар сафида машғулот олиб бормоқда. Бу ўша йигит эканига яна бир ишонч ҳосил қиламиз ҳамда ўқувчиларимизга уни таништирамиз: Шер Мамазулунов – 22 ёшли ўзбекистонлик кикбоксчи-автомобиль ювувчи, TNA 2017 қоидалари бўйича мусобақа иштирокчиси.

Мавзуга оид: Автомобилларни ювувчи ўзбек йигити кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони бўлди

– Ҳа, мен ҳақиқатан ҳам автомобиллар ювиш шохобчасида ишлайман... Аниқроғи, ишлаганман – ҳозирда менда мажбурий танаффус, сабаби кейинги жангга қаттиқ тайёргарлик кўрмоқдаман. Ўзбекистонда кикбоксинг билан анча узоқ вақт давомида шуғулланганман, Москвага эса пул ишлаб топиш мақсадида келдим. Аввалига қоровул бўлиб ишга жойлашдим, бироқ мени иш жадвали қониқтирмади, у менга машғулотлар олиб боришга халақит берарди, шунинг учун автомобиллар ювиш шохобчасига ишга ўтдим, бу кундузи машғулотларда қатнашиш, кечқурун эса ишлашга керак эди. Тўрт йилдан бери шундай яшайман...

Тўрт йил бир хил режимда: зал – иш, иш – зал. Жангчининг мураббийи сўзларига кўра, йигит учга уч метрлик майдонга эга кичик хонада ҳам яшашга мажбур бўлган. Мусобақаларга бориш эса унинг ҳаётига қандайдир ранг-баранглик олиб кирди. Фақат қандай мусобақаларга? Ҳозирда кўплаб тажрибали кикбоксчилар менежерлари профессионал жангларни топа олмаётганидан шикоят қилишади. Шуни айтиш мумкинки, буни амалга ошириш ҳақиқатан ҳам мушкул: ҳозир мамлакатда бешта таниқли промоушен бор бўлиб, улардан фақат иккитаси мусобақаларни мунтазам равишда ўтказиб келмоқда.

Фото: Men's Health

Бироқ Шер бу муаммоларни ўзи ҳал қилишни бошлади: аввалига у ҳаваскорлар ўртасидаги кикбоксинг бўйича Москва чемпионатида ғалаба қозонди (бу мусобақада иштирок этиш учун Россия паспортига эга бўлиш шарт эмас), шундан сўнг профессионаллар ўртасида қатнашишга таклиф олди, кейинчалик TNA жангларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди (бу мусобақада Россия кикбоксингининг энг таниқли юлдузлари қатнашиб келган – Жаббор Асқаровдан Артём Левинга қадар).

– Профессионаллар ўртасидаги биринчи жангимни Москвада 2014 йилнинг охирида ўтказдим... Кейин Екатеринбург, Омск, Липецк ва, ниҳоят, Қозондаги жангларда қатнашдим. Мусобақаларни, одатда, интернет орқали ўзим қидирардим, TNA’га эса тасодифан тушиб қолдим. Биринчи марта уларнинг мусобақасида ўтган йили қатнашдим (TNA 2016 назарда тутилмоқда – таҳ.) – жангдан уч кун аввал ҳам улардаги баҳсда иштирок этишимни билмаганман. Шунчаки залда машғулотлар олиб бориб, ҳеч нимага тайёргарлик кўрмаётгандим, бироқ кутилмаганда қўнғироқ қилишди: марокашлик спортчида аэропортда қандайдир муаммолар юзага келган, ҳамда у жангга учиб кела олмаганди. Мени таклиф қилишди, келдим ва ғалаба қозондим. Мусобақадаги илк рақибимга нидерландиялик Жастин Дэп айланди, жанг анча оғир кечди, бироқ яхши натижа билан тугади. Ғалабадан сўнг мусобақадаги иккинчи жангга кучли тайёргарлик кўра бошладим, бироқ бу ёрдам бермади – кўп хатоларга йўл қўйдим ҳамда тажрибали, 2015 йилда TNA жанглари финалига етиб борган, лекин ўшанда Тимур Айляровга мағлуб бўлган Александр Дмитриенкога очколар бўйича ютқазиб қўйдим.

Жангчининг мураббийи Руслан Кривуша шундай дейди:

– Шер бизда, шуни айтишим мумкинки, омад туфайли пайдо бўлиб қолди. Ўз жангчиларимни TNA жангларига олиб бордим, ўша ерда уни учратиб қолдим. Менга ташкилотчилар бир кикбоксчи мураббийсиз келганини айтишди: «Йигитга машғулотларда ёрдам берасанми?» Майли, ёрдам бераман, дедим: қўлқопларни тутиб турдим, унинг қийшиқ зарбалар беришини кўриб, қандайдир маслаҳатлар бердим ҳамда унутиб юбордим. Кейинчалик менга маълум бўлишича, йигит Дробининни мағлуб этибди – характери менга жуда ёқди. Тасаввур қилиш ҳам имконсиз! У мусобақадан кейин олдимга келди ва шундай деди: «Менга сиз билан ишлаш ёқди. Қўл остингизда машғулотлар олиб борсам майлими?» Шер шундай жангда мўъжизавий тарзда ғалаба қозонганидан сўнг, унга рад жавобини бериш мумкинмиди?»

Шер кикбоксинг оламидаги анча кучли спортчиларни мағлубиятга учратган бўлсада, бироқ бошқа жангчилардан фарқли равишда, миллионлар оғушида қолишини кутаётгани йўқ - залда ва иш жойида тинимсиз меҳнат қилишда давом этмоқда. У нолимайди ҳамда ўзига етарли баҳо беришмаётгани ҳақида гапирмайди – у шуни аниқ тушунадики, бу ҳаётда ҳеч ким унга нимадандир қарздор эмас. Келажаги ҳақида эса шундай дейди:

– Мен шунчаки спорт билан профессионал даражада шуғулланмоқчиман, бунинг учун эса TNA жанглари чемпиони бўлишим лозим. VityazFight жамоаси билан шартнома имзолашни, ота-онамга ёрдам беришни хоҳлайман – менда катта оила бор.

Фото: Men's Health

Бу сўзлар замирида оддий маъно бор: агарда сен спорт билан жиддий шуғуллансанг, бироқ у сени етарли даража боқа олмаса, бошқа жойда ишлашдан ҳеч ҳам уялмаслик керак. Ҳа, ҳақиқатан ҳам кўплаб кикбоксчилар ота-онасининг пули ёрдамида яшайди, бунга эса машғулотлардан ортиб ишга вақт ажрата олмасликларини баҳона қилишади, карьералари ҳам яқинда жуда юксак чўққиларга чиқиб кетишини иддао этишади (якунда у камдан-кам одамларда баланд чўққиларни забт этади), бироқ бошқа кикбоксчилар орасида ҳам ўзгача мисоллар бор: кикбоксчи – қамоқхонада назоратчи, кикбоксчи-официант, кикбоксчи-қоровул, ММА жангчиси – тиш шифокори, ММА жангчиси ўт ўчирувчи, ҳаттоки банк ходими бўлган ММА жангчиси ҳам бор. Кучли характерга эга бўлсанг ҳамда меҳнатдан қочмасанг етарли – сенинг чемпионликка қандай қадам қўйганинг ҳақида машҳур нашрлар ёза бошлайди. Қуйида эса Шер Мамазулуновнинг Дмитрий Меньшиков билан жанги видеоси тақдим этилади.

Мавзуга оид