Ўзбекистон | 20:30 / 26.12.2017
145951
2 дақиқада ўқилади

Дилмурод Раҳматуллаев жавобгарликка тортилди

Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳардаги таълим муассаса раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақоратлагани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

«Андижон шаҳри ҳокими Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилди.

Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган», дейилган хабарда.

Маълумот учун, энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5167200 сўмга тенг.

Шу йилнинг ноябрида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга урганини исботловчи далиллар интернетда тарқалганди. Бу ҳодиса октябрь ойидаги йиғилиш чоғида рўй берганди.

Мавзуга оид: Яна директорлар ҳақоратланди. Бу сафар Андижон

Мавзуга оид: Сўконғич ҳоким жавобгарликка тортилади, фақат...

 

 

Мавзуга оид