00:24 / 11.02.2018
13159

Суриянинг Афринида бир кун ичида 7 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлди

Фото: AP Photo

Суриянинг Африн шаҳрида Туркия қуролли кучлари курд қуролли тузилмаларига қарши олиб бораётган ҳарбий амалиёт давомида бир кун ичида 7 турк ҳарбийси ҳалок бўлди. Бу ҳақда 10 февралда Туркия қуролли кучлари бош штабида маълум қилинди. 

“10 февралда “Зайтун шохи” амалиёти давомида яна икки жанговар биродаримиз ҳалок бўлди, 4 нафари яраланди. PYD (“Демократик иттифоқ” курд партияси), YPG (курдларнинг мудофаа кучлари) ва ИШИД террорчилик гуруҳларининг 11 аъзоси йўқ қилинди”, деб маълум қилинган хабарда.

10 февралда аввалроқ 5 турк ҳарбийси ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Улардан 2 нафари Сурия билан чегарада АТАК вертолёти фалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлган учувчилар бўлган.

Шу тариқа, амалиёт бошланган 20 январдан бошлаб турк армияси 26 нафар ҳарбийни йўқотган, 70 дан кўпроқ ҳарбий жароҳат олган.

Top