Жаҳон | 22:46 / 29.04.2018
5178
2 дақиқада ўқилади

Боливиянинг собиқ президенти 88 ёшида вафот этди

Фото: AP Photo / Sandra Boulanger

Боливиянинг собиқ президенти, 1980-1981 йилларда мамлакатда ҳарбий диктатура ўрнатган Луис Гарсиа Меса 29 апрелда Ла-Пасдаги госпиталда 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Telesur телеканали хабар берди.  

Гарсиа Меса госпиталга 28 апрелда етказилган ва аҳволи ўта оғир деб баҳоланган. Шифокорларнинг айтишича, у 29 апрелга ўтар кечаси 4-юрак хуружини ўтказгач, шифокорлар уни ҳаётга қайтара олишмаган. 

Гарсиа Меса 1980 йил июлда давлат тўнтаруви оқибатида ҳокимият тепасига келган ва мамлакатда ҳарбий диктатура ўрнатган. Унинг бошқаруви вақтида сўл кучлар вакиллари таъқиблар ва зўравонликларга учраган. Гарсиа Меса ҳокимият тепасида 13 ойгина ўтирган ва қуролли кучлар ичидаги низо сабабли ва тузум гиёҳванд моддалар сотишда айбланишидан кейин ўз лавозимидан кетиб, мамлакатни тарк этган.  

1980-йиллар охирида Боливия суди Гарсиа Месани сиртдан 30 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилган. 1995 йил мартда Бразилия ҳукумати Гарсиа Месани ушлаб, уни Боливияга топширган. Собиқ диктатор охирги 7 йилни госпиталда ўтказган. Икки йил аввал унга муддатдан аввал озодликка чиқиш рад этилган.

Мавзуга оид