Россия ҳукумати истеъфога кетди
Россия ҳукумати президент инаугурациясидан сўнг истеъфога кетди. Бу ҳақда РФ вазирлар маҳкамаси ахборот хизмати хабар берган.
«Россия Конституциясининг 116-моддаси ва «Россия ҳукумати тўғрисида»ги Федерал конституциявий қонуннинг 35-моддасига мувофиқ Россия ҳукумати янги сайланган президент олдида ўз ваколатларини топширади», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти этиб сайланган Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирганди. Путин ўнг қўлини РФ Конституциясига қўйиб, қасамёд матнини қайтарган. Президентлик қасамёдининг ўттиз учта сўзи, худди давлат раҳбари мақоми каби, Конституциянинг тўртинчи бўлимида белгилаб қўйилган: "Россия Федерацияси президенти вазифасини бажаришда инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳурмат ва муҳофаза қилиш, Россия Федерацияси Конституциясига риоя этиш ва ҳимоя қилиш, давлат суверенитети ва мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда яхлитлигини ҳимоя қилиш, халққа ҳалол хизмат қилишга қасамёд қиламан".