15:00 / 23.05.2018
31592

Эрдўғаннинг ўғли Ўзбекистонга келди

Бугун Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси Билол Эрдўған ва «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Туркия Буюк Миллати Мажлиси аъзоси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги катта делегация Тошкент шаҳрига етиб келди.

Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен кутиб олишди.

Туркия делегациясининг юртимизга ташрифидан мақсад ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, уларни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек камондан ўқ отиш бўйича ўтказиладиган «Фотиҳ Кубоги» халқаро турнирига бағишланган конференцияда иштирок этишдан иборат.

Туркиялик меҳмонлар пойтахтнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюришди. Меҳмонлар МОҚ Президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов ҳамроҳлигида Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини бориб томоша қилишди. Улар «Халқлар дўстлиги» майдони, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Амир Темур хиёбонида бўлишган.

Шундан сўнг, мартабали меҳмонлар Тошкент вокзалидан «Афросиёб» тезюрар поездида Самарқанд шаҳрига жўнаб кетишди. Меҳмонлар бугун жаҳонга машҳур «Регистон» майдонида ўтказиладиган камондан ўқ отиш спорт тури бўйича «Фотиҳ кубоги» халқаро турнирига бағишланган конференцияда иштирок этишади.

Top