Жаҳон | 13:44 / 26.05.2018
14029
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони немис компаниялари билан ҳамкорликни тўхтатмоқда - ОАВ

Фото: ТАСС

Германиянинг Яқин Шарқдаги сиёсатидан норози бўлган Саудия Арабистони немис фирмаларига буюртмалар беришни тўхтатмоқда. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд давлат муассасаларига тегишли ички топшириқ берган. Бу ҳақда Der Spiegel хабар қилди.

Нашр маълумотларига кўра, Германиянинг Siemens, Bayer ва Boehringer каби йирик компаниялари санкцияларга учраган, улар кўп йиллардан бери Ар-Риёддаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан фаол ҳамкорлик қилиб келади. Буюртмаларга тақиқ Ар-Риёд ва Жиддага юзлаб автобуслар етказиб бериши лозим бўлган Daimler автоконцернига ҳам тегишли.

"Биз Der Spiegel хабарини тасдиқлай олмаймиз, ишларимиз яхши ҳолатда кетмоқда", - дея маълум қилган Daimler вакили. Siemens, Bayer ҳамда Boehringer изоҳ беришдан бош тортган, шунингдек, Саудия Арабистони ҳам бу борада муносабат билдирмади.

Шу билан бирга, Ар-Риёдда ишловчи юқори мансабли немис менежерларидан бири санкциялар ҳақидаги маълумотни қисман тасдиқлади. "Оғриқли оқибатлар соғлиқни сақлаш соҳасида сезилмоқда. Буюртмалардан, биринчи навбатда, Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги воз кечмоқда", - деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудиянинг "ғойиб бўлган" валиаҳд шаҳзодаси ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид