Эктор Купер ёки Чиро Феррара Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин
ЎФА Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий излаш билан банд.
Championat.asia сайти хабарига кўра, ЎФА айни пайтда европалик ва аргентиналик мутахассислар билан музокара ўтказмоқда.
Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин бўлган номзодлар орасида грузиялик Шота Арвеладзе, италиялик Чиро Феррара ва аргентиналик Эктор Купер номлари мавжуд.
«Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе таклифларга рад жавобини берган.
ЎФА эса Миср терма жамоасини ЖЧга олиб чиққан ва Россиядаги мундиалдан сўнг истеъфога чиқарилган Эктор Куперни юртимизга олиб келмоқчи. Айни пайтда ушбу мутахассис билан ҳам музокаралар ўтказилмоқда. Эктор Купер Миср терма жамоасидан мундиалдаги муваффақиятсиз иштирок туфайли истеъфога чиқарилди. Миср ЖЧ гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда мағлубиятга учради. Айни пайтда эса аргентиналик Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоаси варианти устида бош қотирмоқда. Агарда музокаралар кўнгилдагидек якун топса, унда Эктор Купер терма жамоамиз рулига келиши мумкин.
Эктор Купер яқин ўтмишда «Валенсия» ва «Интер» жамоаларидаги фаолияти билан таниш мутахассис саналади.
ЎФАнинг шорт-листида италиялик Чиро Феррара номзоди ҳам мавжуд. «Наполи» ва «Ювентус» жамоаларида кўп йиллар ўйнаган Ферраранинг мураббийлик фаолияти ёрқин кечмаяпти. Унинг охирги ишлаган жойи Хитой Биринчи лигаси. «Ухан Чжоэр» клуби раҳбарияти Феррарани 2017 йилги мавсумнинг муваффақиятсиз стартидан сўнг истеъфога чиқарганди. Бунга қадар эса Феррара турли йилларда «Ювентус» ва «Сампдория» жамоаларини қисқа муддат бошқарган ва у ердан ҳам ҳайдалган.
Эслатиб ўтамиз, ЎФА бундан аввал португалиялик мутахассис, Эрон терма жамоасини ЖЧга олиб чиққан Карлос Кейруш билан музокаралар ўтказаётганди. Аммо ушбу музокаралар муваффақиятсиз якунлангани боис Кейруш варианти номзодлар рўйхатидан ўчирилган.
ЎФА эса Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи номини шу йилнинг июль ойида расман эълон қилиши ҳақида маълум қилганди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён бош мураббийсиз қолмоқда. Ўртада терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинларига тайёрлаш учун маълум муддат Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе вақтинча бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида ишладилар.
Мавзуга оид
17:58 / 20.12.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси 2024 йилни 58-ўринда якунлади
21:04 / 29.11.2024
Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси номи учун даъвогарлар эълон қилинди
21:06 / 28.11.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси ўз ўрнида қолди
18:51 / 21.11.2024