Жамият | 17:10 / 24.08.2018
14255
5 дақиқада ўқилади

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси қандай ишларни амалга оширмоқда?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгашида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ва «Халқ» банки, «Ипак йўли» банки, «Миллий» банки ҳамда «Ҳамкорбанк» акциядорлик тижорат банки ўртасида бош келишув имзоланди.

Ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганидан сўнг, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ОАВ вакиллари, ёш тадбиркорлар ва ёшлар қатнашди.

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi

Тадбирда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг ижро этувчи директори – Бунёдбек Баҳромбеков, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим мудири – Ҳакимжон Абдуллаев, «Ипак йўли» АТИБ бошқарув раиси – Музаффар Сафаров, АТ «Халқ банки» бошқарув раиси ўринбосари – Низомиддин Аббосов, ТИФ «Миллий банк» бошқарув раиси ўринбосари – Аброр Мухаммедхонов, «Ҳамкор банк» АТБ бошқарув раиси ўринбосари – Алишер Мирзаев спикер сифатида фикр билдиришди.

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi

Анжуман давомида Бунёдбек Баҳромбеков ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, ишсиз ёшларни мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмалари бўйича ўқитишга доир амалга оширилган чора-тадбир ва ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот бериб, штаб фаолиятини сарҳисоб қилди.

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi

Унга кўра, жорий йилнинг 9 июль кунидан бошлаб ҳудудларда 140 нафар Республика идоралари вакилларидан иборат 14та ишчи гуруҳлари ҳудудий штаблардаги фаолиятининг мақсад-вазифалари, ўрганишлар, амалий кўмаклар ва эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi

Барча туман(шаҳар) маҳаллалари кесимида 51030 нафар маҳаллий депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва «Фидойи ёшлар» отрядларидан иборат 4861та кичик гуруҳлар тузилган. Уйма-уй юрилиб, ёшлар билан сўровлар ўтказиш, уларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиш, ҳудудга «диагноз» қўйиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар мобайнида Республика бўйича 823489 нафар ишсиз ёшлар аниқланиб, уларнинг 574032 нафари бандлик масаласида мурожаат қилган. 400867 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит сўраган бўлса, 67459 нафар ёш ўз бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш учун жой масаласида юзланган.

209544 нафари касб-ҳунар ўрганиш, бепул курсларда ўқиш истагини билдирди. Мавжуд муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани ва Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги тажрибаларга таянилди.

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi

Жумладан, тадбиркорлик соҳасига кирб келаётган 13261 нафар ёшлар мазкур соҳа билан яқиндан таништирилиб, бизнес-режалар тузиб берилди. 27381 нафари иш билан таъминланди. 6893 нафар ёшлар касб-ҳунар ўрганмоқда.

53975 нафар вояга етмаганлар ва ёшлар турли йўналишдаги тўгаракларга жалб этилди. Шунингдек, 3696 нафар ёшлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари, 146 нафар ёшга фаолият кўрсатиш учун бино билан таъминланиб, 3032 нафари касаначиликка жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси «Марказий банк» бошқарма бошлиғи – Комил Аҳмедов «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартибига алоҳида тўхталди. Мулоқот давомида ишсиз ёшларни касблар ва мутахассисликларга профессионал ўқитиш юзасидан ҳамда қисқа муддатли курслар сонини кўпайтириш ва сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ҳакимжон Абдуллаев фикр билдирди.

«Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурининг жойлардаги ижроси ҳақида Бош прокуратура бошқармаси катта прокурори – Рустам Ғиясов маълумот берди. Анжуман сўнгида иштирокчилар спикерларга ўз саволлари, таклиф-тавсияларини беришди. Қизғин кечган учрашувда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси логотипи учун танлов ҳам эълон қилинди.

Мавзуга оид