Ўзбекистон | 19:20 / 13.09.2018
11860
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Лукашенко Беларусь маҳсулотлари кўргазмасини очиб беришди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко «Ўзэкспомарказ»да Беларусь Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини очиб беришди. 

Кўргазмада 150дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Улар Беларуснинг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, металлургия, кимё саноати, маиший техника, озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш этмоқда. 

Александр Лукашенко Ўзбекистон президентига мазкур соҳалардаги имкониятлар, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида сўзлаб берди. 

Шавкат Мирзиёев беларуслик ишбилармонлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат корхоналари ва ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Давлат раҳбарлари юқори технологиялар соҳасида, жумладан, икки мамлакатнинг инновацион марказлари ва технопарклари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, харидоргир товарларни биргаликда ишлаб чиқариш муҳимлигини таъкидлади.

«Павильонлардан бирида мамлакатимиз мева-сабзавотлари ва қайта ишланган озиқ-овқат товарлари намойиш қилинди. Уларнинг табиийлиги, мазали ва сифатлилиги беларуслик меҳмонларда катта таассурот қолдирди, ишбилармонларда ҳамкорлик истагини уйғотди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

 

Мавзуга оид