Ўзбекистон | 13:21 / 27.09.2018
21991
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Турсунзода шаҳрига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев президент Имомали Раҳмон ҳамроҳлигида Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳарга кираверишда минглаб аҳоли жам бўлиб, давлат раҳбарини катта хурсандчилик, тантана билан кутиб олди. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон президентининг қўшни давлатлар билан очиқлик, бағрикенглик сиёсати ҳамма тожикистонликлар қатори Турсунзода аҳолисига ҳам катта қувонч бағишлаган.

Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Давлат чегараси бўйича шартнома ҳамда Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим халқларимиз ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлди. Чегарадан ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тиклангани, аҳолининг борди-келдиси учун ўттиз кунгача визасиз тартиб жорий этилгани, автотранспорт ва самолётлар қатнови йўлга қўйилгани одамларга кенг қулайликлар яратмоқда.  

Президентимиз “Ўзи давлат нима учун керак? Одамларга шароит яратиш, халққа хизмат қилиш учун керак” дея кўп таъкидлайди. Бугун давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, жумладан, қўшни мамлакатлар билан муносабатларидаги ўзгаришлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Душанбеда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали очилганди

Мавзуга оид