20:59 / 29.09.2018
5820

Бўлажак чемпионлар учун навбатдаги спорт байрами  

Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг энг муҳим йўналишларидан бири болалар ва ёшлар ўртасида спорт турларини кенг оммалаштириш ҳисобланади. Айниқса, имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун ташкил этилаётган спорт мусобақалари бўлажак жаҳон чемпионларининг етишиб чиқиши учун асос бўлмоқда.  

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда “Мўъжизалар даври” кўнгилли ёшлар жамоаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳомийлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган махсус мактаб интернатлари ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун “Ашхобод” сайилгоҳи спорт майдончасида хайрия спорт тадбири ташкил этилди. 7 та махсус мактаб интернати тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоалар ўртасида ўтказилган футбол турнирида жами 450 нафар ёшлар иштирок этишди. 

Хайрия спорт тадбири давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Локомотив” футбол жамоаси футболчилари иштирокида бўлажак чемпионлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.  

Шунингдек, болажонлар учун фокусчи ва аниматорлар томонидан тайёрланган ажойиб чиқишлар ва турли маданий тадбирлар ҳам лойиҳанинг янада мароқли ўтишига хизмат қилди.  

Жамоалар ўртасида ташкил этилган футбол мусобақалари ҳам жуда қизғин ва шиддатли лаҳзаларга бой бўлди. Икки ёш категориясида ташкил этилган ўйинларда ғолиблар ҳакамлар томонидан аниқлаб берилди. 

12 ёшгача бўлган болалар ўртасида қуйидаги жамоалар ғолибликни қўлга киритди: 

1-ўрин Тошкент шаҳридаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жамоаси; 
2-ўрин Тошкент шаҳридаги 30-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жамоаси; 
3-ўрин Тошкентнинг “Локомотив” спорт клуби ҳаваскор жамоаси. 

Катта ёшдаги болалар ўртасида: 

1-ўрин Тошкент вилояти Бўка туманидаги 15-сонли махсус мактаб интернати жамоаси; 
2-ўрин Тошкент шаҳридаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жамоаси;  
3-ўрин Тошкент шаҳридаги 102-сонли махсус мактаб интернати ўқувчилари жамоасига насиб қилди.  

Хайрия тадбири якунида спортнинг футбол тури бўйича ғолиб бўлган жамоалар ва ташриф буюрган иштирокчиларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Top