Ўзбекистон | 09:29 / 19.12.2018
51199
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Гулнора Каримовага қарши санкцияларни узайтирди

Фото: Getty Images

Президент Дональд Трамп 2017 йил декабридаги 13818-фармонни узайтирди, дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида. Бу фармон «Магнитский акти» доирасида санкциялар жорий қилган, деб эслатади РБК.

Санкциялар остига тушган, турли мамлакатлардан бўлган 13 шахсдан иборат рўйхат АҚШ Молия вазирлиги сайтида жойлаштирилди. Улар орасида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова, Россия бош прокурорининг ўғли Артём Чайка, Украинанинг «Беркут» махсус бўлинмаси собиқ қўмондони Сергей Кусюк бор. Шунингдек, рўйхатдан Сербия, Хитой, Никарагуа, Жанубий Судан ва Покистон фуқаролари ҳам жой олди.

«АҚШ инсон ҳуқуқлари жиддий бузилишини содир этаётган ёки коррупцияга аралашган шахсларга сезиларли оқибатларни кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, шунингдек, Қўшма Штатлар молиявий тизимини бу шахсларнинг суиистеъмол қилиш ҳолатларидан ҳимоя қилмоқчи», - дейилган Дональд Трампнинг 2017 йил 20 декабрдаги фармонида.

Гулнора Каримова, АҚШ фикрига кўра, «бизнес экспроприацияси, бозорларнинг монополизацияси, поралар талаб қилиш ва рэкет учун давлат ресурсларини ишлатган қудратли уюшган жиноий бирлашмага» раҳбарлик қилган.

Санкциялар АҚШ юрисдикциясида бўлган барча активларни блоклаш, шунингдек, америкалик фуқароларга санкциялар рўйхатига киритилган шахс ёки ташкилот билан ҳар қандай битимга боришни тақиқлашни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримованинг ўғли онаси жамоатчилик ишларига қайтиш ниятида эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид