Ўзбекистон | 11:22 / 15.01.2019
17070
3 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлигига раҳбар тайинланди

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Президенти фармони билан Нодир Савриддинович Жўраев Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланди.

Нодир Жўраев шу кунгача Адлия вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Нодир Жўраев 1981 йилда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. 2001 йил Тошкент давлат юридик институтини (бакалавр), 2006 йил шу институтда магистр даражасини олган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқарманинг бош маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.

2003–2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармасининг бўлим бошлиғи, 2006–2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш марказининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, 2007–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бошқармасининг бошлиғи, 2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармасининг бошлиғи, 2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказининг директори, 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 

2017 йилнинг 19 апрелидан буён Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, Зафар Зоҳидов агентлик директорига биринчи ўринбосар этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат активларини бошқариш агентлиги президент фармонига мувофиқ, Давлат рақобат қўмитаси базасида ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ, Давлат рақобат қўмитаси ҳамда «Давлат активларини бошқариш маркази» ДУКнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.

Агентлик ўз ваколатларини мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Бош вазир ва Президентга бўйсунади ва ҳисобот беради.

Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Бош вазир тақдимномасига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

2019 йил 1 апрелдан хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши таркиби ва ижроия органи аъзоларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқлаш бекор қилинади.

Хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши таркиби давлат органлари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади.