Жамият | 16:50 / 14.07.2019
9639
12 дақиқада ўқилади

Навбаҳор тумани ҳокимлиги танқидий мақолага муносабат билдирди

Kun.uz сайтида 4 июль куни «Қушқочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар ўз ўрнида ишлатилмаганини айтмоқда» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди.

Мақолада Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги «Қушқочди» маҳалласи аҳолиси мурожаати асосида «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллада амалга оширилган ишлар ўрганилиб, мавжуд муаммолар ёритилган эди.

«Обод қишлоқ» дастури асосида маҳалламизда ободонлаштириш ишлари олиб борилишини эшитганимизда жуда хурсанд бўлгандик. Бир қатор ишлар қилинди. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади. Маҳаллада дастур асосида қилинган ишларнинг кўп қисми якунига етмасдан қолиб кетди. Айниқса, ичимлик сув масаласида. Қазилган ҳандақлар шундайлигича турибди. Сувдан дарак ҳам йўқ. Кўчалар тўлиқ таъмирланмади. Қисқаси, ҳаммаси чала. Тўғриси, маҳалла аҳолиси учун ваъда қилинган қулайликлар яратилмади», – дея ўз эътирозларини билдирганди маҳалла аҳолиси.

Шунингдек, маҳалла фаоллари «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллага ажратилган маблағлар тўлиқ сарфланмагани, талон-торож қилингани учун ишлар якунига етказилмаганини иддао қилишганди.

Ўрганиш давомида маҳалладаги «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилган ободонлаштириш ишларидан айрим фуқаролар ва тадбиркорлар ҳам жабр кўргани, айрим лойиҳалар якунига етмай қолгани маълум бўлган эди.

Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида иштирок этган Навбаҳор тумани ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Аслиддин Раҳимов (эндиликда собиқ, у лавозимидан озод этилган) вазиятга изоҳ бериб, айрим ишлар якунига етмай қолгани маблағ билан боғлиқлиги, келгусида бу ишлар якунига етказилишини билдирган эди.

Ушбу танқидий мақола юзасидан Навбаҳор тумани ҳокимлиги ўз муносабатини билдириб, таҳририятга «Қушқочди» маҳалласида олиб борилган ишлар ва бартараф этилаётган камчиликлар юзасидан маълумот тақдим этди.

«Kun.uz сайтида жорий йилнинг 4 июль куни эълон қилинган «Қуш қочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар талон-тарож қилинганини айтмоқда» номли мақолада келтирилган фикр ва мулоҳазалар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур мақола юзасидан Навбаҳор тумани «Қуш қочди» маҳалласида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлантириш ишлари вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан туман мутасаддилари иштирокида ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сонли фармони ва «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3630-сонли қарорига асосан «Қуш қочди» қишлоғида бир қатор амалий ишлар бажарилгани қайд этилди.

Хусусан, мазкур қишлоқда жойлашган 4-сонли умумтаълим мактабининг мавжуд биноси мукаммал таъмирланиб, қўшимча равишда янгидан 240 ўринли бино қурилган ҳамда фойдаланишга топширилган бўлиб, ушбу ишларни бажариш учун жами 2 миллиард 214 миллион сўм маблағ сарфланди.

Маҳалла ҳудудида жойлашган 100 ўринли қишлоқ оилавий поликлиника биноси мукаммал таъмирланди. Мазкур объектни таъмирлаш ишларига 427 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида янги маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 120 ўринли давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаси, савдо дўконлари, амфитеатр, болалар майдончаси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди ҳамда ушбу мақсадларга жами 3,80782 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Аҳолининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида қишлоқда 5 км (10/0.4 КВ) ҳаво электр узатиш тармоғи, 1 дона (160 КВА) трансформатор пункти янгидан қурилди, 14,5 км юқори ва паст босимли ҳаво электр узатиш тармоқлари таъмирланиб, 0,4 км (10 КВ) ҳаво электр узатиш тармоғи таянчлари алмаштирилди ва ушбу бажарилган ишлар учун жами 261 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ҳудудда газ таъминотини яхшилаш мақсадида 16,7 км табиий газ қувурлари 61,2 милион сўм маблағ асосида жорий таъмирланди.

Транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида дастур доирасида 35та кўчада 12,7 км ички йўлларга қум-шағал аралашмасидан қоплама ва 9та кўчада 4,2 км асфальт қоплама ётқизилиб, жами 16,9 км йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 3,9 миллиард сўм маблағ мақсадли йўналтирилиб, тегишли ишлар тўлиқ бажарилди.

Қишлоқ аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 11,8 км ичимлик суви тармоқлари ва «Қуш қочди» сув йиғиш ва тарқатиш иншоотининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 1,9 миллиард сўм маблағ ажратилиб, лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ишлар тўлиқ якунига етказилди.

Мақолада қайд этилган ичимлик суви таъминоти бўйича айрим сув қудуқларининг қопқоқлари мавжуд эмаслиги ва қувур ости қисмлари охиригача ўрнатилиб, усти ёпилмагани каби ҳолатлар пудрат ташкилоти «Ал-Амир қўрғони» масъулияти чекланган жамияти томонидан тўлиқ бартараф этилди.

Қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун жами 41 машина қум, 52 машина тош, 46 машина шебен маҳсулотлари олиб келинган бўлиб, 130 тонна цемент, 63 м3 ёғоч маҳсулотлари, 2650 дона шифер, 155 дона темир-бетон (бетон тўсиқлар, блоклар, таянчлар ва бошқалар), 855 тонна оҳак, 3220 дона бетон ғишт (шлака блок), 235 минг дона ғишт, 2,7 тонна бўёқ ишлатилди.

Маҳалладаги жами 519та хонадон аҳоли ва ҳомийлар ҳисобидан таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Дастур доирасида  48 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди, 6 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга тегишли бўлган турар жойлар шаҳарсозлик талабларига жавоб бермагани сабабли туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан қайта қурилган ҳолда тиклаб берилди. Ижтимоий аҳволи оғир бўлган 23та хонадоннинг ташқи фасад қисми таъмирланди ва хонадонлари ободонлаштирилди.

Мақолада қайд этилган фуқаролар Олтиной Қодирова ва турмуш ўртоғи Олим Қодировга тегишли бўлган хонадон шаҳарсозлик талабларига жавоб бермагани сабабли ўзларининг розилиги ва хонадон эгаси томонидан бузилиб, турар жой биносини қайта қуриш учун туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан 2 тонна цемент, 19 минг дона ғишт, 3 дона дераза ромлари, 2 машина тош ва 2 машина шағал тош маҳсулотлари етказиб берилди.

Бундан ташқари, фуқаронинг мурожаатига кўра хонадонини қайта тиклаш ишлари ҳомийлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилган ҳолда ҳашар йўли билан (3 хонали уйни тиклаш, 2та хонага пол ётқизиш, том қисмини ёпиш,  25 метр қўрғон деворига пойдевор қуриш ва уйни сувоқлаш ишлари) амалга оширилди ҳамда турар жойнинг том қисмини ёпиш учун 120 дона шифер маҳсулоти олиб берилди.

Мақолада қайд этилган фуқаро Ф.Абдуллаевга тегишли бўлган «Хўжалик моллари дўкони» марҳум отаси Ш.Абдуллаев томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 16 сентябрдаги 347-сонли қарорига асосан хусусийлаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар ҳам умуман фаолият юритмаётгани аниқланган.

Фуқаро Ф.Абдуллаевга тегишли бўлган «Хўжалик моллари дўкони»нинг фаолияти туман давлат солиқ инспекция томонидан расмий ҳужжатлар асосида ўрганилганда, савдо дўкони 2016 йил август ойидан фаолиятини тўхтатгани аниқланди.

Бундан ташқари, мазкур «Хўжалик моллари дўкони» фаолияти юзасидан холис маҳалла фаоллари М.Юлдашев, А.Тўлаев, З.Ходжаев билан ўтказилган суҳбат жараёнида улар ушбу дўкон ҳақиқатдан ҳам 3-4 йилдан буён фойдаланилмасдан бўш тургани ва ундан мақсадли фойдаланиш чораларини кўриш лозимлигини ёзма равишда баён этган.

Ф.Абдуллаевга тегишли бўлган «Хўжалик моллари дўкони»нинг олд қисмидаги гулзор ва бошқа қурилмалар йўл ёқаси инфратузилмаси ва қиёфасига салбий таъсир кўрсатгани сабабли ободонлаштириш ишлари учун жалб қилинган махсус техникалар ёрдамида бузиб олинган. Қурилиш материаллари маҳалла фаоллари гувоҳлигида фуқаронинг яшаш хонадонига етказиб берилган.

Дастур ижроси жараёнида фуқаро Ф.Абдуллаевга тегишли «Хўжалик моллари дўкони» фаолият юритмасдан бўш тургани сабабли унинг розилиги асосида туманнинг «Обод қишлоқ» дастурини мувофиқлаштириш комиссияси штаби сифатида вақтинча фойдаланилган ва штаб аъзолари томонидан бинога ҳеч қандай моддий зарар етказилмаган. Ушбу ҳолат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли билан ўтказилган суҳбатлар давомида ҳам ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги «Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги              ПҚ-3541-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2018 йил 7 майда ўтказилган хатлов натижасига кўра фойдаланилмасдан бўш тургани аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси «Давлат мулки» ягона ахборот тизими базасига киритилган.

Бинодан самарали фойдаланиш, унинг фаолиятини ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича бошқарманинг 2018 йил 29 октябрдаги 01/05-4811-сонли хати билан фуқарога тегишли тавсиялар берилган ва юқоридаги қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан ҳозирги кунга қадар фуқаро томонидан бирор бир ижобий ишлар амалга оширилмасдан келинмоқда.

Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимининг собиқ  ўринбосари А.Рахимовга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонуний чоралар кўрилган.

Дастур доирасида Навбаҳор тумани «Қуш қочди» маҳалласига ажратилган жами 15 миллиард 306 миллион сўм, шу жумладан, республика ва маҳаллий бюджетидан 9 миллиард 673 миллион сўм, тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан («Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» АЖлар) 301 миллион сўм, бошқа манбалар ҳисобидан (Тижорат банклари кредитлари, ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар ва аҳоли маблағи) 5,3 миллиард сўм маблағлар мақсадли йўналтирилган.

Туманда 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида белгиланган режа бўйича қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари тўлиқ амалга оширилган. Бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишларидан фойдаланиш жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этиб борилмоқда.

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури доирасида аҳоли хонадонлари, кўчалар ҳамда аҳоли гавжум бўладиган биноларни доимий равишда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши лозимлиги бўйича аҳолига кенг тушунчалар ва тарғибот-ташвиқот ишлари жадаллаштирилди.

Албатта, бу борадаги бунёдкорлик ишларида жамоатчилик томонидан аниқланган камчиликлар келгусида ҳам тизимли равишда бартараф этиб борилади», – дейилади Навбаҳор тумани ҳокимлиги маълумотномасида.

Навбаҳор туманида «Обод қишлоқ» дастури асосида дастурга киритилган маҳаллаларда олиб борилаётган лойиҳаларда бир қатор муаммолар борлиги, бу эса аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётгани, шу масалада таҳририятга ҳам кўплаб мурожаатлар бўлаётганини журналистик суриштирувларимизда кўп таъкидлаганмиз.

Kun.uz вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотлар келгусида ҳам бу каби масалаларга янада жиддий эътибор қаратишига ишонч билдиради.

Мавзуга оид