18:10 / 14.07.2019
23839

Омбудсман қийноқлар бўйича: Жазони ижро этиш муассасаларини Ички ишлар вазирлигидан ажратиш керак

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев Kun.uz'га берган эксклюзив интервьюсида тергов ва ҳибсхоналарда айбланувчи, маҳбусларга нисбатан қўлланадиган қийноқлар мавзусига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, бу соҳада ижобий ўзгаришлар кўп кузатилмоқда, шунга қарамай, жазони ижро этиш муассасаларини Ички ишлар вазирлигидан ажратиш масалага катта ечим бўла олади.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Фуқаро ва ҳуқуқ тартибот органлари муносабатига тўхталадиган бўлсак, кўпинча шахслардан иқрорлик олиниши дўқ-пўписалар билан амалга оширилди, деган гапларни эшитамиз. Айрим пайтларда эса бу каби ҳолатлар, ҳақиқатан, аниқланяпти. Сизнингча, бундай ҳолатларга қандай муносабатдасиз?

— Шахсга таъсир ўтказиш, қийноқлар бизга собиқ совет давридан мерос сифатида қолган. Масалан, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаб, ҳозир нафақага чиққан танишларим билан суҳбатларда эшитаманки, уларга жиноят содир этилдими, аниқлаш вазифаси қўйилган. Бироқ қайси йўл билан эканлиги қизиқ эмас. Ҳаммаси режани бажариш учун бўлган. Шунинг учун кўпинча жиноят қилмаган шахсларнинг ҳам айбдор бўлиб қолиши ҳоллари аниқланган.

— Омбудсман фаолияти жазони ўташ муассасалари билан бевосита боғлиқ. Сиз тақдим этаётган ҳисоботлар ва пресс-релиз орқали ҳам кузатиш мумкинки, жазони ўташ муассасаларига бориб аҳволни ўрганиб қайтяпсизлар. Лекин бу вазият ижобий тарафга ўзгаришига сабаб бўляптими?

— 2017 йилдан бошлаб то бугунгача бўлган ўзгаришларни 30-40 йиллик реформалар билан солиштириш мумкин. Буни жараённи шахсан кузатган одам сифатида айтишим мумкин. Ўзгаришларни сақланаётган маҳбуслар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан айтишимиз мумкин. Олдин улар мурожаат қилиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлса, ҳозир қонунда белгиландики, уларнинг шикоятлари 24 соат ичида вакилга, прокурорга етиб келади. Омбудсман учун ҳам, прокуратура учун ҳам муассасада алоҳида қутилар ташкил қилинган. Ва биз уларни фақатгина ўз калитимиз билан очамиз.

Очиқ айтиш керак, келадиган мурожаатлар орқали мустақилликдан кейин ҳам бу нарса (қийноқларнинг қўлланиши - таҳр.) кўп кўзга ташланди, дейиш мумкин.

Лекин давлат раҳбарининг қийноқлар масаласига сайловдан (2016 йили бўлиб ўтган президентлик сайлови - таҳр.) кейиноқ эътибор қаратиши ва унинг жамиятимиздан йўқотилиши учун қатъий талаб қўйиши биз учун муҳим бўлди. Бундан 2 йил олдин қийноқлар бўйича ҳисоботларимизни Олий Мажлисга тақдим қилдик. Ва бу бўйича Сенатнинг алоҳида палатасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ва омбудсманнинг маърузалари эшитилиб, тегишли хулосалар қилинган.

Шунингдек, Президентнинг 2017 йили қийноқлар масаласини алоҳида фармон даражасида қабул қилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Бугун кўпчилик фуқаролар бундан 5-6 йил олдин мажбурлаш орқали судланганмиз, деган мурожаатлар билан келишади. Шунингдек, ҳозир ҳам айрим ҳолларда қийноқ аломатлари борлигини инкор қилмаслигимиз зарур. Бунда вазият зудлик билан ўрганилади ва назоратга олинади.

Ва амалдаги сиёсатимиздан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, бир неча йил ичида қийноқ тушунчаси бутунлай истеъмолдан чиқарилиши керак. Чунки эркин ва фаровон давлат қурмоқчи бўлган жамиятда қийноқ мавжуд бўлиши керак эмас.

Тизимли ўзгаришлар аллақачон амалга ошириляпти. Бундан ташқари, ҳар қанақа даражадаги ноқонунийлик ҳам, албатта, интернет орқали жамоатчилик эътиборига тушяпти.

Масалан, Бўкадаги ўз жонига қасд қилган шахс ҳақида хабарлар тарқалиб кетди. Шундан кейин ходимларимиз бориб вазиятни ўрганишди. У шахс олдин бир неча бора судланган, кейин ўз жонига қасд қилган. Ҳозир соғлиги яхши, тиббиёт ходимлари кузатувида. Прокуратура ҳам ҳолатни ўз назоратига олган.

Шунингдек, Давлат раҳбарининг кўрсатмаси билан Ички ишлар вазирлиги алоҳида дастур қабул қилган. Унга мувофиқ ҳамма жазони ўташ муассасаларида таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Озодалик, овқатланиш шароитлари доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Китоблар таъминоти учун ҳам алоҳида маблағ ажратилган. Ҳозир ҳатто муассасалардаги шахсларнинг китобхонлик даражаси ҳам ошганини кўряпмиз.

Аслида, жазони ўташ муассасалари Ички ишлар вазирлиги қошида эканлиги ҳам бизга собиқ Иттифоқдан мерос механизм. Лекин экспертларнинг фикрича, жазони ижро этиш тизимини Ички ишлар вазирлигидан ажратиш керак. кўпгина ривожланган давлатларда эса жазони ижро этиш тизими Адлия вазирлиги ёки алоҳида тузилма сифатида фаолият юритади. Бу дегани тизимга ҳеч қайси тузилма таъсир ўтказмаслиги кераклигини англатади.

Агар бизда ҳам шу тизим жорий этилса, жазони ўташ муассасаларидаги кўпгина муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top