20:35 / 08.02.2020
0
11199

Жисмоний тарбия ва спорт вазирига яна бир ўринбосар тайинланди

Элбек Шукуров 2018 йилдан ҳозирга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Фото : Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Элбек Шукуров жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Элбек Ҳабибуллаевич Шукуров 1988 йил 18 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005-2009 йилларда Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 2009 йил “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Халқаро муносабатлар, спорт ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бош мутахассиси сифатида бошлаган. Сўнгра “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Халқаро алоқалар бўлими мудири, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, кейинчалик раиси, 2015-2018 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси бўлган.

2018 йилдан ҳозирга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Элбек Шукуров 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Аввалроқ ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистон спорт вазирига биринчи ўринбосар этиб тайинлангани хабар қилинганди

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top