11:32 / 04.05.2020
29820

Қозоғистон МСК Дариға Назарбоеванинг депутатлик ваколатларини тугатди

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Дариға Назарбоеванинг депутатлик ваколатларини тугатди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Фото:senate.parlam.kz

4 май куни Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда «Парламент Сенати депутати Д.Назарбоеванинг ваколатларини тугатиш тўғрисида» қарор қабул қилинди, дейилади хабарда.

Сенат депутати Дариға Назарбоеванинг ваколатлари Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 52-моддаси 5-банди, «Парламент ва унинг депутатлари мақоми тўғрисида»ги конституциявий қонунининг 24-моддаси 5- ва 9-бандларига мувофиқ, президентнинг 2 майдаги 315-сонли «Д.Назарбоева тўғрисида»ги фармони асосида тугатилди.

2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат сенати депутати Дариға Назарбоеванинг ваколатларини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Назарбоева Тўқаев ҳокимият тепасига келганидан кейин, 2019 йил 20 мартда Қозоғистон парламенти сенатининг раиси этиб сайланди. 2 сентябрда у ушбу лавозимга қайта тайинланди.

Дариға Назарбоева 1963 йил 7 майда Қарағанда вилояти Темиртау шаҳрида туғилган. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва Киров номидаги Қозоғистон давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Сиёсий фанлар доктори, тарих фанлари номзоди.

2016 йил 13 сентябрь куни Дариға Назарбоева сенат депутатига айланган.

Top