Ўзбекистон | 18:45 / 04.06.2020
29946
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Шаҳарни қарийб уч йил бошқарган Одилжон Жўраев лавозимидан озод этилиб, ўрнига шаҳарнинг собиқ ҳокими Акром Эшонқулов тайинланди.

Акром Эшонқулов / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

4 июнь куни Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов нутқ сўзлади.

«Вилоят ҳокими ўз сўзида шаҳарда кейинги пайтда йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида тўпланиб қолган масалалар, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш бўйича жорий ислоҳотларни ўз вақтида ва юқори савияда ижро этиш сингари масалаларда йўл қўйилган камчиликларни танқидий таҳлил қилди», – дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Сессияда Оҳангарон шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев лавозимидан озод этилган.

Рустам Холматов Оҳангарон шаҳри ҳокими лавозимига Эшонқулов Акром Жўраевич номзодини тавсия қилган, номзод очиқ овоз бериш йўли билан тасдиқланган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Акром Эшонқулов 1976 йил 16 февралда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. Г.Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Мутахассислиги – иқтисодчи.

Эшонқулов меҳнат фаолияти давомида давлат бошқарув тизимида бир қатор вазифаларда, жумладан Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот таҳлил гуруҳи раҳбари, Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари – шаҳар ҳокими, Оҳангарон тумани ҳокими в.в.б. лавозимида ишлаган.

Акром Эшонқулов мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Вазирлар Маҳкамаси Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлимининг Олмалиқ шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Оҳангаронга 2017 йилда вилоят бўйсунидаги шаҳар мақоми қайтарилган, тумандан алоҳида ҳолда шаҳарга Одилжон Жўраев ҳоким этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид