Light | 15:44 / 09.07.2020
9741
5 дақиқада ўқилади

«Ковидиот», «карантикул»… — пандемия даврида пайдо бўлган янги сўзлар

Пандемия даврида ижтимоий тармоқларда коронавирусга боғлиқ янги сўзлар ишлатила бошланди. Уларнинг энг машҳурлари билан таништирамиз.

Ковид, ковидли сўзи коронавируснинг расмий номи – COVID-19`дан олинган бўлиб, шу касалликка чалинган беморга нисбатан ишлатилади. COVID-19 сўзини ёзишни билмайдиганлар ҳам бу сўздан фойдаланади. Беморларга нисбатан «ковидли» сўзини ишлатишда эҳтиёткор бўлган маъқул, чунки бу сўз анча қўпол эшитилади.

Ковидиот пандемияга нисбатан жиддий муносабатда бўлмайдиганларга қўлланилади. Бундай тоифадаги инсонлар фейк хабарларни тарқатишади, ўз-ўзини изоляция қилиш тартибига амал қилишмайди. Шунингдек, коронавирус атрофида айланиб юрувчи фитна назарияларини илгари суришади.

Ковид-диссидент – ковидиотнинг бир тури. ОИВ/ОИТС- диссидентлар ҳам бўлиб, улар ОИТС борлигига ишонишмайди. Ҳукумат ва фармкомпаниялар шунчаки одамларни заҳарлаяпти, деган фикрда. Ковид-диссидентлар вирус билан зарарланганлар аслида бошқа касалликка чалинишган, деб ўйлашади. Аслида мавжуд бўлмаган эпидемияни башорат қилган Билл Гейтсни эса сафсатабозликда айблашади.

Коронаскептикларда ҳам вирус ҳақидаги маълумотларга тўлиқ ишонч йўқ, шунга қарамай улар фитна назарияларини қўллаб-қувватлашмайди. Уларнинг фикрича, муаммолар кўлами кенгайиб кетаверса, янада қаттиқ чора-тадбирларни қўлламаслик керак. Ўз-ўзини изоляциялаш мажбурий чора эмас, ҳар бир кишининг шахсий қарори бўлиши керак.

Коронаэнтузиастлар скептик ва диссидентларга қарши фикр билдишади. Улар карантин чоралари, жумладан, тиббий ниқобни доимий тақиб юришни тарғиб қилишади.

Коронафейклар ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда коронавирусга оид ваҳима уйғотувчи сохта ва асоссиз хабарлардир. Бунда Билл Гейтс ва 5G миноралари ҳақида уйдирмалар, ўзини дезинфекционист деб таништирган ўғрилар одамларни газ билан заҳарлаши тўғрисидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган гаплар ва бошқалар ўрин олган.

Карантикул. Март ойида ҳаммамиз таътилга, карантинга ёки ўз-ўзини изоляциялашга ўтдик. Ҳеч ким нима бўлаётганини  тушунмасди. Тушунарсиз ҳолат «карантикул» («карантин» ва «каникул») сўзи пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Коронапаника – одамларнинг пандемияга нисбатан реакцияси. Супермаркетларда озиқ-овқатлар тақчиллиги, сохта хабарларнинг тарқалиши, ҳақиқатга тўғри келмайдиган башоратлар ваҳиманинг натижасидир.

Зумлашиш. Карантин пайтида айниқса машҳур бўлиб кетган видеомулоқот платформаси – Zoom`да гаплашиш содда тилда шундай ифодаланмоқда.

«Ковидарность». Карантин пайтида кўплаб одамлар пулсиз қолишди. Озиқ-овқат учун маблағ тополмаганлар бўлди. Муҳтожлар дардига малҳам бўлиш учун кўнгиллилар кексалар учун озиқ-овқат олиб келиб беришди, хайрия акциялари ўтказилди, ресторан тармоқлари шифокорларга бепул овқат етказиб беришди. Карантин даврида одамлар бир-бирига ҳамдардлигини билдиришди ва бу рус тилида «ковидарность» сўзи билан ифодаланди.

Вирусларнинг «тождор» оиласи – коронавирус сўзининг биринчи қисми кўплаб янги қўшма сўзлар ясаш учун қулайлигини таъкидлаш жоиз. «Корона»дан ташқари, ЖССТ ўйлаб топган «ковид» атамаси ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

COVID-19 сўзи қандай келиб чиқди?

Янги типдаги коронавирус илк марта Хитойнинг 11 миллион аҳолига эга Уҳан шаҳрида тарқала бошлагани боис, дастлаб касаллик шунчаки «коронавирус» ёки «Уҳан коронавируси», «Уҳан пневмонияси», «Хитой коронавируси» каби номлар билан атаб келинди.

Тарихда касаллик у пайдо бўлган жой номи билан аталиши ҳолатлари йўқ эмас: испан гриппи, Яқин Шарқ респиратор синдроми, Зика вируси кабилар шулар жумласидан.

Аммо бу ушбу жой ва у ерда яшовчи одамларга салбий тамға бўлиб қолиши, тарих ва дунё аҳолиси назарида ўзига хос «ижтимоий иснод»ни келтириб чиқариши боис, 2015 йилда жаҳон ҳамжамияти касалликлар ва вирусларни улар келиб чиққан жой номи билан номламасликка қарор қилган.

2020 йил январь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга вақтинчалик ном сифатида «2019-nCov» атамасини жорий қилди.

11 февралда ЖССТ янги касаллик ва вирус учун расмий номни тасдиқлади: касалликка COVID-19, инфекцияга эса SARS-CoV-2 номи берилди.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг тушунтиришича, COVID сўзида CO – корона, VI – вирус, D эса касаллик (инглизча «disease») маъносига эга. 19 эса вирус илк бор аниқланган йил – 2019 йилга ишора қилади.

Вирус номидаги SARS сўзи – 2003 йилда Осиёда тарқалган бошқа бир коронавирус – Ўткир респиратор синдром коронавируси (Severe Acute Respiratory Syndrome) атамасининг қисқартмасини англатади. SARS-CoV-2`нинг 17 йил олдинги коронавирус билан ўхшаш жиҳатлари кўплиги аниқланган.

Мавзуга оид