Хитой 4 нафар америкалик амалдорга нисбатан санкциялар киритди
Расмий Пекин 4 нафар америкалик амалдорга қарши санкциялар киритди. Бу АҚШ томонидан Хитойнинг собиқ ва амалдаги амалдорларига санкциялар киритилишига жавоб бўлди.
Аввалроқ Вашингтон ўз қарорини санкциялар остига тушган одамларнинг уйғурларни таҳқирлашга алоқадорлиги билан тушунтирган.
“АҚШнинг хатти-ҳаракатлари Хитойнинг ички ишларига қўпол аралашув ҳисобланади, у халқаро муносабатлар меъёрларини жиддий бузади ва Хитой-АҚШ муносабатларига зиён етказади”, деб айтган брифингда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньин.
Хитой санкциялари остига АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбек, сенаторлар Марко Рубио ва Тед Круз ҳамда конгрессмен Крис Смит тушган.
АҚШ эса Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор вилояти амалдорлари – партия қўмитаси котиби Чэн Цюанго, партия қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Чжу Хайлун, жамоат хавфсизлиги бошқармаси раҳбари Ван Миншан ва ушбу бошқарма партия қўмитасининг собиқ котиби Хо Люцзюнга қарши санкциялар киритган.
Июнь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтоннинг фикрича уйғурларнинг ҳуқуқларини чеклашга алоқадор бўлган хитойлик амалдорларга қарши санкциялар киритишга имкон берувчи қонун лойиҳасини имзолаган.