Жаҳон | 21:00 / 22.10.2020
5243
1 дақиқада ўқилади

Boeing янги самолёт ишлаб чиқмоқчилиги маълум қилинди

Boeing концерни яқин орада янги самолётни яратиш устида ишларни бошлаши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб The Wall Street Journal нашри хабар берди. Бу компанияга 737 Max моделидан кейин бой берган позицияларини тиклашга ёрдам беради.

Фото: Reuters

Нашрнинг хабар беришича, Boeing бир нечта буюртмачилар, жумладан лизинг компаниялари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг 200-250 ўринга мўлжалланган тор фюзеляжли янги самолёт борасидаги фикрларини билишга ҳаракат қилган. Бундай лайнер Boeing’нинг моделлар қаторида 737 Max ва 787 Dreamliner моделлари ўртасидан жой олиши мумкин.

Таъкидланишича, музокаралар дастлабки босқичда бўлиб, янги самолёт яратилишига олиб келмаслиги ҳам мумкин.

Янги самолётни ишлаб чиқиш ва уни фойдаланишга қўйиш анча узоқ жараён ҳисобланади. Мисол учун, компания Dreamliner лойиҳаси бошланишини 2003 йилда эълон қилган ва 2007 йилдагина унинг илк прототипини тақдим этган. Самолётнинг биринчи синов парвози 2009 йилда амалга оширилган, 2011 йилдан эса ундан фойдаланиш бошланган. 

Boeing’нинг янги 737 Max модели билан 6 ой оралиқ билан иккита ҳалокат юз бериши компания обрўсига анча зарар етказди ва ушбу модель ишлаб чиқарилиши тўхташига олиб келди. 

Мавзуга оид