16:06 / 04.12.2020
5264

Эрон уранни бойитишга қайта киришиши мумкин

Физик олим Муҳсин Фахризоданинг қасддан ўлдирилишига жавобан расмий Теҳрон уранни бойитишга қайта бел боғлади. New York Times буни Байден маъмуриятига Трампнинг фитнаси сифатида баҳоламоқда.

АҚШ февралгача санкцияларни бекор қилмаса, Эрон ядро бўйича халқаро экспертлар гуруҳини мамлакатдан чиқариб юбориши ҳам мумкин.

Эроннинг бу юриши АҚШ ҳамда Исроил махсус хизматлари томонидан атом қуролини яратишда Теҳроннинг асосий одами деб ҳисобланган Муҳсин Фахризоданинг ўлими билан боғлиқми ё бошқа сабабми – аниқ эмас. Форс расмийлари олимнинг ўлими учун қасос олишга онт ичишган.

Янги режага кўра, Эроннинг Атом энергияси агентлиги зудлик билан уранни 20 фоизгача бойитиши кўзда тутилган. Бу 2015 йилда Обама маъмурияти билан келишилган дастурнинг энг юқори даражаси эди. Байден жамоаси олдида мураккаб вазифа турибди. 

Бу даражада бойитилган уран, унинг қувватларини олти ой ичида бомбага айлантириш имконини беради.

Экспертлар мамлакатдан бадарға қилинмаслиги учун Эрон нефт ва банкларга қўйилган санкциялар олиб ташланишига 2 ой муҳлат берди. Халқаро атом энергияси инспекторлари томонидан ўтказиб туриладиган текширувлар Эроннинг атом дастури ҳақидаги ягона ишончли манба эди.

Шароит Байден маъмуриятидан тезликда Эрон билан музокараларга киришишни тақозо этяпти. Байден Эрон 2015 йилдаги келишув шартларига кўнса, музокараларни қайта бошлашга тайёр эканини маълум қилган.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қалибаф «Эроннинг бу қарори Ғарбга бир томонлама ўйин тугаганини билдирадиган хабар» дея баёнот берган.

Top