Жаҳон | 18:10 / 29.11.2025
2492
2 дақиқада ўқилади

Трамп Байденнинг автоперо билан имзоланган фармонларини бекор қилишини айтди

Унинг сўзларига кўра, Байден «ҳужжатларнинг аксариятини шахсан имзоламаган», бу эса Трампнинг фикрига кўра, уларни юридик жиҳатдан шубҳали қилади.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзидан олдинги президент Жо Байденнинг автоперо (президент номидан автоматик равишда имзо қўядиган қурилма) ёрдамида имзоланган фармонларининг 92 фоизини бекор қилишини айтди. Трамп бундай ҳужжатларни «ноқонуний» деб атади ва улар «ўз кучини йўқотаётганини» таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Байден «ҳужжатларнинг аксариятини шахсан имзоламаган», бу эса Трампнинг фикрига кўра, уларни юридик жиҳатдан шубҳали қилади. Шунингдек, у агар Байден фармонларни қўлда имзолаганини айтса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилди.

Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, автоперодан фойдаланиш АҚШ маъмурияти томонидан ўнлаб йиллар давомида қўлланилган ва расман рухсат берилган амалиётдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижро буйруқларининг юридик кучи имзо қўйиш усулига боғлиқ эмас, оммавий бекор қилиниши эса суд муҳокамасига сабаб бўлиши мумкин.

Байден ўз маъмурияти даврида жами 162 та фармон чиқарган. Автоперо билан имзоланган ҳужжатлар улуши расман тасдиқланмаган.

Агар Трамп ҳақиқатан ҳам ўз ниятини амалга оширишга киришса - бу Байден даврида қабул қилинган кўплаб фармон ва буйруқларни оммавий равишда қайта кўриб чиқиш/бекор қилишни англатиши мумкин.

Аммо ҳуқуқий тўсиқлар бор: бекор қилиш фақат ижро буйруқларига тааллуқли бўлиши мумкин, Конгресс томонидан қабул қилинган қонунларга эмас.

Доналд Трамп Оқ уйга иккинчи марта келганидан сўнг, Жо Байденнинг фотосурати ўрнига автоперо расмини осиб қўйган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид