10:23 / 08.12.2020
3751

Геологлар учун фахрий унвон таъсис этилди

«Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги қонуни эълон қилинди. 

Фото: Getty Images

Norma’нинг ёзишича, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони қуйидагиларга берилади:

геология, геофизика, гидрогеология, топография-геодезия тармоғининг юқори малакали геологлари ва муҳандис-техник ходимларига;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг тажрибали мутахассисларига.
 
Ерости бойликлари геологияси ва қидируви соҳасини ривожлантириш, геология-қидирувга оид ишлаб чиқаришни кенгайтириш, минерал-хомашё базасини яратиш ва мустаҳкамлаш, фойдали қазилма конларини очиш ва саноат йўсинида ўзлаштиришга топшириш, геология-қидирув ишларини амалга оширишда ва фойдали қазилмаларни қазиб олишда экологик жиҳатдан тоза илғор ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, соҳа учун чуқур билимга эга кадрлар тайёрлаш борасидаги катта хизматлар унвон берилиши учун асос ҳисобланади.
 
Фахрий унвон билан тақдирланган шахсларга диаметри 30 мм ва қалинлиги 2,2 мм бўлган доира шаклидаги 925 пробали кумушдан тайёрланган кўкрак нишони берилади.
 
Эслатиб ўтамиз, «Хизмат кўрсатган» фахрий унвони берилган касб усталарига ҳар ойда иш ҳақига ёки пенсияга 1,6 БҲМ («хизмат кўрсатган артист»ларга – 1,8 БҲМ) миқдорида устама тўланади.
 
Қонун 1.12.2020 йилдан кучга кирди.

Top