Ўзбекистон | 14:00 / 15.04.2021
4718
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг халқаро алоқалари кенгаймоқда

Самарқанд давлат тиббиёт институти томонидан таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароит яратиш, тиббиётга замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологиялар, энг янги ютуқларни қўллаган ҳолда, хорижнинг тиббиёт соҳасидаги таълим муассасалари билан биргаликда юқори малакали профессорлар, илм-фан мутахассисларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишлари мақсадида дунёнинг етакчи таълим муассасалари билан мунтазам ҳамкорлик қилиб келиняпти.

Бугунги кунда Россия Федерациясининг қатор тиббиёт университетлари ва илмий-текшириш институтлари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорликда интеграл маърузалар, амалиёт семинарлари, илмий ишлар тақдимотлари ўтказиб келинмоқда.

14 апрел куни Россиянинг И.И.Мечников номидаги Шимоли-Ғарбий давлат тиббиёт университетидан бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Самарқанд давлат тиббиёт институтига ташриф буюришди. Шимоли-Ғарбий давлат тиббиёт университетининг патологик анатомия кафедраси мудири, “Генлар ва моддалар” журнали бош муҳаррири, профессор Роман Деев ва шу кафедра катта ўқитувчиси Михаил Мавликеев Самарқанд давлат тиббиёт институтида ташкил этилган халқаро илмий-амалий семинар ҳамда академик мобиллик дастурларида иштирок этишди.

Ташриф давомида профессор Роман Деев Самарқанд давлат тиббиёт институти ўқитувчилари, ёш олим ва талабалари учун “Янги коронавирусли инфекцияда ўпкалар патологик анатомияси: реактивлик ва нафас йўллари эпителияларининг генерацияси», “Ичак эпителийси гистофизиологияси нормаси” мавзуларида маъруза қилди. Меҳмонлар, шунингдек, академик мобиллик доирасида педиатрия ва стоматология факультетлари талабалари учун гистология фанидан ҳамда даволаш факултети талабалари учун патологик анатомия фанидан маъруза ўқишди.

Дўстона муҳитда ўтган учрашувда СамДТИ ректори Жасур Ризаев ва россиялик профессор Роман Деев таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакатда ҳам тиббиётга оид инновацион янгиликларга йўл очувчи ва ушбу жараённи тезлаштирувчи юқори малакали мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлашга туртки бўлишини эътироф этдилар.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Мавзуга оид