Ўзбекистон | 08:44 / 08.05.2021
27195
3 дақиқада ўқилади

Чўққи остонасидаги гўша – Шаҳрисабзнинг Кўл қишлоғидан репортаж

Бироз аввал Шаҳрисабз туманидаги тоғлар орасида жойлашган Ғелон қишлоғи ҳақида видеони эълон қилган эдик. Ўша видеони кўпчилик қизиқиш билан томоша қилди. Энди унинг иккинчи қисми – Кўл қишлоғи ҳақидаги видеони эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Кўл қишлоғига борар эканмиз унга элтадиган йўл олдинги манзил – Ғелонга олиб борадиган йўлдан хавфлироқ эканини кўрдик. Қишлоққа етгунча бир неча ўн километр йўлнинг бир тарафи дарё оқиб турган чуқур дара, иккинчи тарафи эса исталган вақтда узилиб тушиб йўлни ёпиб қўйиши мумкин бўлган тоғ қояларидан иборат.

Кўл қишлоғининг машҳурлиги шундаки, у Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси – Ҳазрати Султон чўққиси остонасида жойлашган. Яқин-яқингача ёпиқ бўлган ва охирги йилларда яна саёҳатчилар учун очилган бу чўққига чиқувчилар айнан Кўл қишлоқ орқали юришади.

Сафаримиз аввалида бироз қишлоқ айландик, кейин қишлоқ мактабига бориб, у ерда шаҳар мактаблари ҳавас қиладиган шароитлар борлигига гувоҳ бўлдик. Айниқса инглиз тили ва информатика фанлари ўқитиладиган хоналар замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Мактаб давлат томонидан янги қуриб берилган.

Кўл қишлоғи унча катта эмас, унда 1 500 киши яшайди. Қишлоқда атиги 4 ой ҳаво иссиқ бўлади, қолган вақт ёмғир, қор ёғади. Қишлоқ тўрт тарафдан тоғлар билан ўралган. Одамлар асосан чорвачилик ва тоғ этакларидаги қир-адирларда деҳқончилик қилиб кун кўради.

Ҳаво салқинлиги сабаб кўлликлар лалми буғдойни 15-20 майдан бошлаб эка бошлайди. Бор ерларга картошка ҳам экишади. Айтишларича, баъзи йилларда кузда буғдой ҳали пишиб етилмасдан қор ёғиб, ҳосил қор остида қолиб кетади.

Одамлар узоқ давом этадиган қишда уйларини ўтин билан иситади. Бу қишлоқларда ўтин муаммоси йўқ, чунки гиёҳ ўсадиган ҳар бир қарич ерга дарахт экишган. Одамлар тез ўсувчи дарахтлардан кесиб ўтин ғамлайди. Ичимлик суви ҳам муаммо эмас – тоғ булоқларидан полиэтилен қувурларда сув тортиб келинган.

Биз борган кун қишлоқда кичик кўпкари ташкиллаштирилди. Унда қишлоқ аҳли ва шу яқин орада жойлашган чегара қўшинларида хизмат қилаётган аскар йигитлар ўзаро баҳс олиб боришди. Фарзандларини кўргани келган ота-оналар эса улоққа совринлар қўйишди.

Қишлоқни бироз айланиб ортга қайтдик, чунки ёпилиб қолган йўлни тозалаш учун бульдозер йўлга чиқди. Агар бульдозернинг орқасидан тушиб қолсак, қишлоқда қолиб кетардик, чунки у бориб йўлни тозалаб келгунча кеч тушар эди. Йўл эса тор, бор-йўғи битта машина сиғади.

 

Ортга қайтар эканмиз бу ажойиб қишлоққа табиат уйғонганда яна келишни мақсад қилдик. Бу ерларда кўклам ёзда бошланади. Ҳозир эса қор кўплиги сабаб Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтасига олиб борадиган адирларга бориб бўлмайди, йўллар ёпиқ. Барчангизга Ўзбекистоннинг бу ажойиб жойларига бир келишингизни маслаҳат берамиз.

Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид