Жаҳон | 00:03 / 19.07.2021
13345
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган афғон қирғизлари Афғонистонга қайтарилди

13-14 июл кунлари Тожикистон давлат чегарасини кесиб ўтган 345 нафар афғон қирғизи Афғонистонга қайтарилди. Бу ҳақда Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: asiaplustj.info

“Жорий йилнинг 17-18 июл кунлари Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Ваҳон уезди Андемин қишлоғида яшовчи 345 нафар қирғиз 4 минг бош уй ҳайвони ва транспорт воситалари билан бирга ўзининг доимий яшаш жойи – Ваҳон уездига қайтарилди”, деб айтилган хабарда.

Таъкидланишича, уларда 3,5 кгдан кўпроқ гиёҳванд модда топилган ва мусодара қилинган.

Қочқинларнинг юртларига қайтарилиши Афғонистон ҳукумати уларнинг хавфсизлигини кафолатлагандан кейин ташкиллаштирилган. Қочқинлар Тожикистонда қолиш вақтида БМТ конвенциясига кўра вақтинча яшаш жойи, озиқ-овқат ва тиббий хизмат билан таъминланган.

14 июлда Тожикистон чегара қўшинлари 347 нафар афғон қирғизи “Толибон” ҳужумидан қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтганини маълум қилганди. Улар орасида 91 эркак, 77 аёл, 64 ўғил бола ва 113 қиз бола бўлган. Уларнинг барчаси Андемин қишлоғида яшаган.

Чегарани кесиб ўтиш вақтида 2 нафар гўдак ҳалок бўлган. Тожик чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик нуқтайи назаридан, қочқинларнинг Тожикистонга ўтишига тўсқинлик қилмаган.

Мавзуга оид