Ўзбекистон | 07:58 / 30.09.2021
12980
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки мактаб ўқувчилари ўртасида жанжал юз берди

Ижтимоий тармоқларда бир нечта мактаб ўқувчиларининг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Жорий йилнинг 28 сентябр куни 94-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9- ва 10-синф ўқувчилари ва 145-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали ўзаро гап талашиб қолишган. Сўнг улар шу куни тахминан соат 13:20ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Амир Темур кўчасида учрашиб, муносабатларни ҳал қилишмоқчи бўлишган. Мазкур учрашувга 20 нафарга яқин мактаб ўқувчилари келишган ва уларнинг бир нечтаси ўртасида жанжал бошланган.

Ҳолатдан хабар топган ҳудудий профилактика инспекторлари Абузоҳид Йўлдошбеков ва Тимур Исамуҳамедов зудлик билан воқеа жойига етиб келишган ва уларнинг аралашуви билан катта можаронинг олди олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.

“Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз бир нечта фуқаролар, хусусан вояга етмаганлар ўзаро тортишаётганининг гувоҳи бўлсангиз, дарҳол уларни ажратишингизни ва 102 рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз арзимас можародек туюлган баҳс-мунозара жиддий оқибатларга олиб келишининг олдини олишга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид