Хўжанд–Тошкент, Панжикент–Самарқанд–Бухоро йўналишлари бўйича яна автобус қатнай бошлайди
Тожикистон Ўзбекистон шаҳарларига автобуслар қатновини тикламоқда. 18 октябрдан Хўжанд–Тошкент, 20 октябрдан эса Панжикент–Самарқанд–Бухоро йўналишлари бўйича яна автобус қатнай бошлайди.
Asiaplustj.info нашрига кўра, қайта тикланаётган Хўжанд–Тошкент автобус йўналишида йўлкира нархи 100 сомоний этиб белгиланган. Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилинган расмий курсга кўра, 1 сомоний – салкам 947 сўмни ташкил этмоқда. Демак, Хўжанддан Тошкентга келиш ва Тошкентдан Хўжандга бориш нархи бир томонга қарийб 100 минг сўмга тушади.
Ушбу йўналишга икки қаватли замонавий автобуслар қўйилган бўлиб, улар Тошкент ва Хўжанд шаҳарларига ҳар куни қатнайди. Талаб ошиб борган тақдирда қатнов кунига 2-3 марта ташкил этилиши мумкин. Йўловчилардан чегарада хорижга чиқиш паспорти ҳамда коронавирусга қарши вакцина олганлик ҳақидаги сертификат талаб этилади. Бундай сертификати бўлмаган йўловчилар эса экспресс-тест топширишларига тўғри келади. Экспресс тест нархи 160 минг сўм, деб ёзмоқда Asiaplustj.info.
6 ёшга тўлмаган фарзанди билан бирга сафарга чиққан ота-оналардан боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шу билан бирга, у соғлом экани, полиомиелит билан касалланмагани ҳақидаги тиббий маълумотнома сўралади.
Автобуслар Хўжанднинг 16-микрорайонидаги Asian Express терминалидан ҳар куни 8:00да, Тошкентнинг “Олмазор” метробекати ёнидаги Тошкент автобус саройидан эса 18:00да йўлга чиқиши режалаштирилган.
20 октябрдан бошлаб эса Панжикентдан автобусда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бориш мумкин. Йўналишга замонавий, узоқ вақт давом этадиган саёҳатларга мослашган автобуслар қўйилган. Йўлкира нархи Россиядан Самарқанд ва Бухоро орқали қайтаётган тожикистонликлар учун 200 сомоний, Панжикентдан Ўзбекистон шаҳарларига келиб яна келган автобусида қайтиб кетувчилар учун 500 сомоний этиб белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови қайта тикланиши мумкинлиги, мазкур масала Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ўртасидаги учрашувда муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 8 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сирдарёни Фарғона водийси вилоятлари билан боғловчи, Тожикистон орқали ўтадиган 4та транзит автобус йўналишлари жорий қилиниши ҳақида айтганди.
Мавзуга оид
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
13:54 / 19.12.2024