13:30 / 23.02.2022
31527

ССВ Навоийда бобоси билан эскалатордан тушиб кетган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Бобоси билан эскалатордан қулаб тушган навоийлик 3 ёшли боланинг аҳволи яхшиланиб бормоқда. У яқин кунларда реанимациядан болалар бўлимига ўтказилади.

Навоий шаҳрида жойлашган «Янги ҳаёт» савдо мажмуасидаги эскалатордан бобоси билан пастга қулаб тушган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 23 февраль ҳолатига кўра, беморнинг умумий ҳолати динамикада яхшиланиб бормоқда. Айни пайтда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг тажрибали шифокорлари томонидан стандарт бўйича муолажалар давом эттириляпти.

Шунингдек, боланинг аҳволи Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари томонидан кунлик назорат қилиб борилмоқда.

Бемор яқин кунларда реанимациядан болалар бўлимига ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 18 февраль куни соат, тахминан, 20:30 да содир бўлганди. Улар мажмуанинг 5- ва 4-қаватлари оралиғидаги эскалаторда мувозанатини йўқотиб, 1-қаватга йиқилган.

1969 йилда туғилган фуқаро Ш.Т. воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олган 3 ёшли набира А.Т. эса зудлик билан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилганди.

Шундан сўнг унда стандарт бўйича неврологик, ультратовуш ва бош мия МСКТ каби қатор текширувлар амалга оширилиб, қўшма жароҳат, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, ўрта оғир даражаси, пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг томонлама чаноқ суяклари синиб силжиши, ўнг ўпка лат ейиши, чап сон пастки учлиги юмшоқ тўқималари лат ейиши дастлабки ташхиси қўйилган.

Top