14:13 / 20.03.2022
14819

Латвия—Ўзбекистон қўшма корхонасидаги ёнғин сабаблари маълум қилинди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 18 март куни Яшнобод туманида жойлашган «Orient Logistik Center» МЧЖ қўшма корхонасидаги (Латвия—Ўзбекистон) ёнғин бўйича қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, корхонага қарашли омборхонада юз берган ёнғин мураккаблиги, давомийлиги ва майдони нуқтаи назаридан ўта жиддий ёнғин сифатида баҳоланмоқда. Уни бартараф этиш учун йигирмадан зиёд ёнғин-қутқарув автотехникаси, бир дона ёнғин-қутқарув поезди ва 6 дона сув ташиш автотехникалари жалб этилган. Ёнғинни бартараф этиш ишлари бевосита Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти томонидан амалга оширилган.

Ёнғин 18 март куни тахминан соат 20 ларда бошланган бўлса, орадан салкам етти соат ўтиб бартараф этилган. Бирламчи таҳлилларга кўра, мутахассислар томонидан ёнғин омборхонада сақланмаслиги лозим бўлган юк кўтарувчи механизациялаштирилган транспортнинг электр тизимида авариявий ҳолат юзага келганидан деб тахмин қилиниб, унинг катта майдонга тарқалиши ва кўп вақт ичида давом этгани, ушбу омборхонада аралаш ҳолда кўп миқдорда канцелярия маҳсулотлари, гул қоғозлар, полиэтилен ўрам маҳсулотлари, қуруқ эфир моддаси, шунингдек омборхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда меъёридан ортиқ ёнувчи мотор мойи сақланганлиги сабаб бўлган.

«Албатта, қаттиқ моддалар сақланадиган омборхоналарга, норма ва қоидалар билан белгиланган талаблар ёнувчи суюқликлар сақланадиган омборхоналарга белгиланган талаблар анча фарқланади. Негаки, бу каби биноларда ёнғин юз берганда, ёнувчи суюқликлар идишлардан оқиб майдон бўйича тарқалишини, ёниш жараёнида жуда катта ҳароратнинг ажралишини ва бошқа таъсирларни инобатга олган ҳолда лойиҳалаштирилади», дейилади хабарда.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари асосан ташкилот мутасаддилари томонидан объектда ҳар кунлик ёнғин хавфсизлиги режими назорат қилинмагани билан боғлиқ бўлган. Юқорида келтирилган товар-моддий бойликларнинг сақланиши ҳар куни ўзгариб ва алмашиб турган.

Top