Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Туҳмат учун яратилган айрим матбуот ҳаддидан ошиб кетди” — Алламжонов Uzmetronom асосчиси устидан ариза берди
Uzmetronom нашрида Комил Алламжонов Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тақинчоқларни божсиз олиб киришда шерик бўлгани иддао қилинган мақола эълон қилинди. Масс-медиа фонди раиси бу ёлғон эканини айтиб, муаллиф устидан ҳуқуқ органларига ариза берди. “Ўзига маъқул бўлмаган одамларни йўқ қилиш мақсадида туҳмат қилиш, обрўсизлантириш, хуллас ифлослик учун яратилган айрим матбуот ёки “блогерлар” охирги пайтда жуда ҳаддидан ошиб кетди”, деди ҳолатга муносабат билдирган Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берганини маълум қилди.
Бунга Ежков томонидан ўз сайтида эълон қилинган “Бриллиантовий малчик” сарлавҳали мақола сабаб бўлган. Мақолада Алламжонов 4,2 млн долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга шерик бўлганликда айбланган.
“Албатта, бу туҳмат, тўқима эртак. Энг ёмони ўзининг мақоласида у [муаллиф] мени ўта оғир жиноят, яъни Жиноят кодексининг 182-моддасида назарда тутилган “Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш” оғир жиноятини содир этишда айблаган”, – деди Комил Алламжонов.
Масс-медиа фонди раисининг сўзларига кўра, 2016 йилга қадар мазкур муаллиф одамларни қоралаш бўйича айрим махсус хизматларнинг буйруқларини бажариб келиши ҳақида гап-сўзлар бўлган.
“Мен Сергей Ежковнинг кимлигини унча яхши билмайман, ўзи билан шахсан таниш эмасман. Лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида, у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, деган гаплар юрарди. Гўёки у айрим фуқароларни обрўсизлантириш қуроли сифатида ишлатилиб келинган, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Мен буни билмайман, рост ёки ёлғонлигини. Лекин шундай фикрлар албатта бўлган. Бу сафар ҳам ана шундай буюртма борми ёки йўқми, буни тергов ҳал қилади. Уни терговга берамиз”.
Шунингдек, Алламжонов сўз эркинлиги қўллаши, бироқ ҳар бир танқидий материал фактларга асосланган бўлиши кераклигини айтган.
“Мен таҳлил қилиб кўрдим, 2019 йилдан буён Сергей Ежков томонидан “Алламжонов” мавзуси бўйича 30 дан ортиқ танқидий мақола чиққан экан. Шу вақтгача индамадим, чунки мен ҳамиша сўз эркинлиги, матбуот очиқлиги тарафдори бўлиб келганман. Бунинг учун курашганман, ҳозир ҳам ҳаракат қилиб, курашиб келяпман ва бу нарсани мен фақатгина ижобий баҳолайман. Лекин бир изоҳ биланки, ҳар битта мақола, материал ва танқид фактларга асосланган бўлиши керак.
30 та мақолага индамадим, лекин охиргиси ўтиб тушди. Ўтказворди, жудаям оширворди. Гап менинг обрўйим, мени репутациям ҳақида кетяпти. Мен бу нарсага бефарқ бўлиб қаролмайман. Бу сўз эркинлиги ҳам, матбуот ҳам эмас. Бу матбуот номи остидаги инструментдан жирканч мақсадлар остида фойдаланиш ҳисобланади ва бунга албатта чора кўрилиши керак. Биз бундай матбуот ва сўз эркинлигига мутлақо қаршимиз. Бундай бўлиши керак эмас.
Шунинг учун мен ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят билан мурожаат қилдим. Адвокатларим билан маслаҳатлашдим. Агарда, Сергей Ежков 4,2 миллион долларлик тилла тақинчоқларни мен олиб келганимни ёки олиб келишда шерик бўлганимни исботлаб бера олмаса, ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а” банди – “Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш” бўйича жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Ва унга нисбатан чора кўрилиши мумкин.
Ҳаммасини қонун ва суд ҳал қилиши керак, мен бунинг учун барча керакли маълумотларни беришга тайёрман”, – дейди Комил Алламжонов.
У, шунингдек, охирги вақтларда ўзига маъқул бўлмаганларни йўқотиш мақсадида туҳмат қилиш жуда ошиб кетгани ҳақида ёзди.
“Ўзига маъқул бўлмаган одамларни йўқ қилиш мақсадида туҳмат қилиш, обрўсизлантириш, хуллас ифлослик учун яратилган айрим матбуот ёки “блогерлар” охирги пайтда жуда ҳаддидан ошиб кетди. Бу сўз эркинлиги эмас. Бу шунчаки шу мақом остидаги қурол. Биз бундай сўз эркинлигига қаршимиз”.
Uzmetronom.com – 2019 йилда, Комил Алламжонов АОКА бош директори этиб тайинланиши ортидан Ўзбекистонда блокдан чиқарилган ўндан ортиқ хорижий нашрлардан бири. Ундаги материаллар мазмуни яққол Россия ҳукуматига хайрихоҳлиги билан ажралиб туради.
Сайтда Алламжонов 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант буюмларни божсиз олиб киришда иштирок этгани иддао қилинган мақола 21 феврал куни эълон қилинган. Бундай мазмундаги хабарни дастлаб Eltuz.com (Ўзбекистонда блокланган) 20 феврал куни тарқатган, Uzmetronom ҳам ўз хабарида унга асосланганини билдирган. Ҳар иккала материалда ҳам айбловларни тасдиқловчи фактлар келтирилмаган, иккинчи тарафнинг позицияси олиб чиқилмаган.
Cўнгги вақтларда ўзбек ахборот маконида маълум шахсларни асоссиз равишда обрўсизлантирувчи, буюртма асосида ёзилган материаллар кўпайганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Kun.uz раҳбарияти ва журналистларига нисбатан ҳам турли Telegram-каналларда ёлғон маълумотлар мунтазам тарқатиб келинмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ҳам нохолис ахборот тарқатишни даромад манбайига айлантириб олган блогерлардан огоҳлантирган. Янги даврда сўз эркинлиги бир поғона юқорига кўтарилгани – фуқаролардан ахборотни саралаш ва филтрлашни ўрганишни тақозо этади. Фаол жамоатчилик эса медиамаконда бузилган ҳуқуқларини қонуний йўллар билан тиклашни ортга сурмаслиги лозим, акс ҳолда бу туҳматлар давом этишига йўл очиши мумкин.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Андижонда алиментдан қочиб юрган эркак ҳийла билан тузоққа туширилди
Жамият | 22:24
-
Фронтдаги вазият: Покровск штурм қилинмоқда, Россия бутун Донбассни эгалламоқчи
Жаҳон | 22:07
-
Сенат хориждан қайтганларни ОИВ мажбурий текширувидан ўтказиш ҳақидаги қонунни маъқуллади
Ўзбекистон | 21:29
-
Уиткофф учун уюштирилган «саҳна» — Трамп вакилининг Исроил ёрдам марказларига ташрифи Ғазодаги вазиятни ўзгартира оладими?
Жаҳон | 20:49
Мавзуга оид

17:30
Фарғонада ИИБ ходимининг уйида тинтув ўтказилди

07:36 / 28.07.2025
Трамп ёрдам ва ОАВ учун харажатларни қисқартириш ҳақидаги қонунни имзолади

16:12 / 24.07.2025
“Сиз халқимиз учун яшаяпсиз” — Саида Мирзиёева Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади

12:03 / 21.07.2025