14:54 / 15.07.2022
48672

200 минг сўмлик пул муомалага чиқарилди

Марказий банк 2024 йилга мўлжалланган 200 минг сўмлик банкнот чиқарилиши нима сабабдан тезлаштирилгани бўйича изоҳ берди.

Бугун, 15 июл Ўзбекистонда 200 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилди.

Янги банкнот ҳам Буюк ипак йўли тематикасида. Унинг дизайни Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 200 минг сўмлик банкнотларни чиқаришдан мақсад – нақд пулда тўловларни амалга оширишда аҳолига қулайлик яратишдир.

“Жаҳон тажрибасида соҳа мутахассисларининг тавсияларига кўра, энг катта номиналдаги банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи 50 фоизга яқинлашганда каттароқ номиналдаги банкнотни муомалага чиқариш чораларини кўриш лозим.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил 1 июл ҳолатига 100 000 сўмлик банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи йил бошидаги 34,8 фоиздан 43,4 фоизга кўтарилганини кўрсатди.

Иқтисодиёт кенгайиши ортидан нақд пул айланмаси, муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг ошгани ва ўсиш динамикасининг давом этаётгани 200 000 сўмлик банкнотни муомалага чиқариш жараёнини тезлаштириш заруриятини юзага келтирди”, – дейилади Марказий банк изоҳида.

Ўзбекистонда барча қоғоз пул белгилари Буюк ипак йўли мавзусидаги янги банкнотларга алмаштирилмоқда. Бу тематикадан ташқарида қолаётган ягона купюра – минг сўмлик эса танга шаклига ўтказилади. Минг сўмлик танга дизайни ҳозирча эълон қилинмади, дизайнни Сенат кенгаши маъқуллаган.

Мадина Очилова,
Абдусалим Абдувоҳидов,
Kun.uz

Top