21:57 / 15.07.2022
35455

Рубл босими фонида Ўзбекистонга пул ўтказмалари мутлақ рекорд даражада ошиб кетди

2022 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга тенг бўлди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга кўп. Июн ойидаги ўсиш 3 баробардан ортиқни ташкил этди. Таҳлилчилар бу рақамларни спекулятив тенденциянинг яққол далили, Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган нақд валюта ва нақд сўм етишмовчилигининг сабаби деб кўрмоқда.

Фото: Getty Images

Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга жисмоний шахслар номига келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари 6,5 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

6,5 млрд доллар – ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткич (3,2)дан 96 фоизга кўпроқ.

Маълум қилинишича, жорий йил январ-июн ойларида тижорат банклари жисмоний шахслардан жами 5,66 млрд доллар эквивалентида хорижий валюта сотиб олган. Бу – ўтган йилнинг мос даври (2,33 млрд) билан таққослаганда 70 фоизга кўп.

Тижорат банклари орқали жисмоний шахсларга сотилган хорижий валюта миқдори эса 3,72 млрд долларга тенг бўлди, бу – бир йил олдингидан (1,71 млрд) 85 фоизга кўп.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бундай кескин ўсишни “ғирт спекулятив диверсия” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган нақд валюта ва нақд сўм етишмовчилигининг сабаби шу ерда.

“Динамика ва суръатлардан ҳам билса бўладики, бу кўрсаткичлар меҳнат мигрантлари ва умуман ташқи трансфертлар характеристикаси билан боғлиқ эмас. Статистикамиз эртага бу кўрсаткичларни жами даромадларда ҳисобга қўшса, хатолик бўлади. Ўзбекистонлик мигрантлар сони 3 баробарга ошгани йўқ, ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари йил давомида 3 бараварига кўпайиб қолгани йўқ.

Юзага келган вазият пул ўтказмаларини ғирт спекулятив ва диверсия мақсадларида ишлатишга имконият бермоқда. Афсуски, бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилаётгани йўқ, тўсиқ қўйилаётгани йўқ. Нақд валюта етишмовчилиги ҳам, нақд сўм етишмовчилиги ҳам бу оқибатлардир.

Юборилган пул ўтказмаларининг ярмидан кўпини тижорат банклари сотиб олишга (хусусан мадад пуллари ҳисобига) мажбур бўлишмоқда ва бу билан муомаладаги пул массасини иқтисодий моҳиятдан ташқарида кенгайтиришга ҳисса қўшишмоқда”, – дея ёзди Бакиров.

Унинг ҳисоблашича, июн ойида 2,34 млрд долларлик пул ўтказмалари қайд этилган, бу эса ўтган йилнинг июнига нисбатан 3,25 баробарга кўп.

Эслатиб ўтамиз, Россияда рубл курсини қўллаш учун банклардан валюта харид қилишга жиддий чекловлар ўрнатилган. Бу чекловлар натижасида Россия резидентларида валютани Марказий Осиё давлатларидан сотиб олишга рағбат ортган.

Марказий Осиёнинг айрим республикалари Марказий банклари томонидан қўлланилган жавоб чоралари сабабли мазкур мамлакатларнинг Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳам Ўзбекистон банкларининг хизматларидан фойдаланиши ҳолатлари ортмоқда.

Top