13:30 / 27.07.2022
13283

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Қирғизистонга ташриф буюрди 

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов туркий давлатлар махсус хизматлари конференциясида иштирок этди.

Фото: kabar.kg

Kabar хабарига кўра, Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раислигида Туркий давлатлар махсус хизматлари конференциясининг XXIV йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Озарбойжон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Россия ва Венгрия махсус хизматлари делегациялари кузатувчи сифатида иштирок этди. 

Учрашувда Яқин Шарқ ва Афғонистондаги террорчилик фаоллиги зоналаридаги мавжуд вазият шароитида туркий давлатларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида махсус хизматлар ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. 

Конференция иштирокчилари Афғонистон ва Сурия қуролли можаролари ҳудудидан келиб чиқувчи ҳамда терроризм ва экстремизмнинг тарқалиши билан боғлиқ террорчилик таҳдидларига реакция билдириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизмлари тўғрисида келишиб олди. 

Фото: kabar.kg

Мазкур йиғилиш иши доирасида Қирғизистон президентининг туркий давлатлар махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Жапаров йиғилиш иштирокчиларига мурожаатида туркий давлатлар манфаатларига дахлдор ташқи таҳдид ва чақириқларга қарши биргаликдаги ишларда яқин ҳамкорлик ҳамда махсус хизматларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан очиқ мулоқот ва эшитилган маърузалар юзасидан фикр алмашилди, якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш бўйича қарор қабул қилинди. 

Туркий давлатлар махсус хизматлари конференцияси 1998 йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси халқаро характердаги уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва махсус хизматлар фаолиятининг келишилган бошқа йўналишларида самарали ҳамкорликни таъминлашдан иборат. 

Top