Ўзбекистон | 14:50 / 29.07.2022
9480
2 дақиқада ўқилади

Норов ШҲТ кенгайишининг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди

Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади.

Фото: Kun.uz

ТИВ раҳбари ўз нутқи давомида ШҲТ кенгайишининг иккинчи тўлқини бошланганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ШҲТ ривожланиши янги босқичи унинг кенгайишининг иккинчи тўлқини бошланиши билан белгиланиши мумкин.

«Ўзбекистон буни ташкилотимиз эволюциясидан далолат берувчи табиий жараён деб билади. Эрон Ислом Республикасининг тўлақонли аъзолигига эришиш йўлидаги ютуқларни алоҳида таъкидламоқчиман. Беларус Республикаси аризасини ўрганиш жараёни бошланди», — деди у.

Шунингдек, Миср, Саудия Арабистони ва Қатарга ШҲТ бўйича мулоқот ҳамкори мақомини беришга оид меморандумлар имзолашга тайёрлиги маълум бўлди.

Самарқанд саммитида Баҳрайн ва Малдив оролларига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тартибини бошлаш бўйича ҳам қарорлар қабул қилиниши мўлжалланмоқда.

«Шу билан бирга, биз Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТда кузатувчи мақоми бериш масаласига яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак», — дея хулоса қилди Норов.

ШҲТга 2001 йилда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон томонидан асос солинган. Кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга қўшилди. Кузатувчи давлатлар: Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон. Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар: Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.

Мавзуга оид