Спорт | 16:35 / 08.11.2022
30679
10 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда финалдан олдинги финаллар. Плей-офф жуфтликлари ҳақида

Қуръа натижалари — кимда қандай имконият?

7 ноябр куни ЕЧЛ нимчорак финал босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, турнирнинг амалдаги ғолиби «Реал» финалчи «Ливерпул» билан плей-оффнинг илк босқичидаёқ тўқнаш келган бўлса, бир неча йиллардан буён асосий еврокубок ғолиблигини мақсад қилиб келаётган «ПСЖ»га турнир фаворитларидан бири бўлмиш «Бавария» рақиб бўлди.

Жамоалар одатдагидек уйда ва сафарда тўп суриб, 1/4 финал йўлланмаси ғолибини аниқлайди. Гуруҳ ғолиблари жавоб учрашувини ўз уйларида ўтказишади.

1/8 финалнинг дастлабки ўйинлари 14-15 ва 21-22 февраль кунлари, жавоб ўйинлари эса 7-8 ва 14-15 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Нимчоракфинал ўйинлари баҳорда ҳам Тошкент вақти билан соат 01:00да бошланади.

Маълумот учун, Чемпионлар лигаси-2022/23 йилги мавсум финал баҳси 2023 йилнинг 10 июнида Истанбулдаги «Отатурк» стадионида ўтказилади.

«Ливерпул» — «Реал»

Бу икки жамоа бир-биридан зериккан деса ҳам бўлади. 2018 йилдан буён «Реал» ва «Ливерпул» икки бор Чемпионлар лигаси финалида ўзаро рақиб бўлган, икки сафар ҳам мадридликлар ғолиб чиққан. Ўтган мавсум финалида ҳам шундай бўлган, ўшанда Салоҳ ва Мане Куртуа тўсиғидан ўта олмаган, Винисиус эса қизиллар жамоаси ҳимоячиларининг ўйиндаги ягона хатосидан унумли фойдаланганди.

Клопп ва унинг шогирдлари учун 1/8 финал учрашуви — орани очиқ қилиш учун яхши имконият. Аммо бу қарама-қаршиликда ҳамон «Реал» фаворит ролида. Биринчи навбатда жорий мавсумда «Ливерпул» ўйинида юзага келган муаммолар туфайли. Клопп ҳозирча ёзда «Бавария»га кетган Маненинг ўрнини тўлдира олмаяпти ва жамоада майдон марказида ҳам жиддий муаммолар юзага келган, натижада ички чемпионатда кучли тўртликдан анча ортда қолиб кетилган. «Реал» эса Каземиро кетгач ҳам ўйин сифати ва барқарорликни сақлаб қолмоқда.

Афтидан, бу жуфтликда барчаси «Ливерпул» қишки трансферларда таркибни қанчалик кучайтира олишига боғлиқ бўлади. Миш-мишларга кўра, жамоада бундай режалар тайёрланмоқда, февралгача кучлар нисбати ўзгариши мумкин.

«ПСЖ» — «Бавария»

Финал мақомига муносиб бўлган яна бир жуфтлик қарама-қаршилиги. Бу жамоалар 2019 йил ЕЧЛнинг ҳал қилувчи баҳсида ўзаро рақиб бўлишганди. Бу баҳс амбицияларнинг ҳақиқий тўқнашувига айланиши тайин. Ёш Юлиан Нагельсманн дунёдаги энг яхши ёш мураббийлардан бири эканини исботлаши лозим. Унинг ихтиёрида Европадаги энг тезкор ҳужмлар уюштира олувчи жамоа йиғилган, аммо жорий мавсум давомида «Бавария» бир неча бор қоқилди, шунинг учун жамоани ҳозирдан 1/8 финалдаги баҳсларнинг яққол фаворити дейишга эрта. Доим захира футболчиси бўлиб келган Эрик Максим Шупо-Мотинг 33 ёшида голли серия намойиш этиб, барчани ҳайратга солмоқда, аммо унинг қаҳрамонликлари плей-оффда ҳам давом этишига кафолат йўқ.

«ПСЖ» учун эса бу узоқ кутилган ЕЧЛ ғолиблигини Месси — Мбаппе — Неймар триоси билан қўлга киритиш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин. Ҳозирда Кристоф Гальтье жамоаси жуда ишончли ва балансли ўйин намойиш этмоқда. Агар жамоадаги барча етакчилар ҳозирги спорт формасини жаҳон чемпионатидан кейин ҳам сақлаб қолса, «ПСЖ» плей-офф босқичларида гранд жамоаларга қарши кузатиладиган муаммоларни бартараф этиши ва ниҳоят «Бавария» тўсиғидан ўтиши мумкин. Бундай қадам эса «ПСЖ» ниҳоят Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиши имкониятини кескин оширади.

Мбаппе ва Неймар жорий мавсумда рақиблар дарвозаларига гол ёғдиришда давом этмоқда. Фото: AFP

«Интер» — «Порту»

Бу жуфтликда фаворит ва андердог маълум. «Порту» ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган бўлса-да, бу ишни «Брюгге», «Байер» ва яримжон ҳолатдаги «Атлетико» даврасида амалга оширди. «Порту»нинг энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчиси — 30 ёшли Торимий бўлди, у ҳозирда Европадаги энг самарали ҳужумчилардан бири бўлиб турибди, шунингдек дарвозабон Кошта бирин-кетин пенальтиларни қайтарди, Галено эса Лотин Америкаси вакилларига хос трюклар билан мухлисларни хурсанд қилди.

Аммо бу компания нисбатан юқори савияли рақибга қарши тура олиши савол остида. «Интер» Антонио Конте давридаёқ Европанинг топ-жамоалари сафига қайтишни бошлаганди, Симоне Индзаги бошқарувида эса олдинга ҳаракатланишда давом этмоқда. Гуруҳ босқичи давомида нерадзурри ўз имконини кута билишини намойиш этди — «Барселона»га қарши икки ўйинда тўрт очко олинди. Аммо «Порту»га қарши ўйинда «Интер» биринчи рақам остида тўп суриши керак ва бу Чехиянинг «Виктория» клуби эмас. Умуман олганда, Индзаги ва унинг шогирдларини жиддий синов кутмоқда.

«Лейпциг» — «Манчестер Сити»

Агар «Ман Сити» ҳозирги «Лейпциг» тўсиғидан ўта олмаса, «шаҳарликлар» учун бу галактика миқёсидаги шармандалик бўлади. Бу бир неча йил олдин топ-рақибларга тенгма-тенг ўйин намойиш этган «Лейпциг» эмас. Жамоа таркиби аввалгидек кучли эмас, Доменико Тедеско истеъфога чиқарилгунча «Лейпциг» ички чемпионатда қуйи ўринларга тушиб кетганди. Марко Розе келиши билан вазият яхшилана бошлади, аммо «Манчестер Сити»га жиддий қаршилик кўрсатиш даражасида эмас.

Ҳоланд АПЛда ақлбовар статистика намойиш этмоқда. Фото: AFP

«Милан» — «Тоттенҳэм»

«Тоттенҳэм» ва «Милан» қарама-қаршилиги у қадар бой тарихга эга эмас. 2011 йилги ЕЧЛдаги тўқнашувни эслаш мумкин, ўшанда Женнаро Гаттузо ўйин вақтида «шпорлар» мураббийларидан бири Жо Жорданнинг бўйнидан бўғганди, финал ҳуштаги чалингач эса унинг юзига боши билан зарба берганди.

Футбол борасида эса, икки тенг кучли жамоа қарама-қаршилиги кутилмоқда. Антонио Конте «Тоттенҳэм»га янги импульс берди, аммо ҳозирча жамоа Англия чемпионатида ғолиблик учун даъвогарлик қила олмаяпти. «Шпорлар»да Кейн, Сон, Льорис ва ЕЧЛ плей-офф ҳавосидан нафас олган қатор бошқа футболчилар бор. Бу уларнинг устунликларидан бири.

«Милан»да эса нисбатан ёш, лекин жуда истеъдодли футболчилар таркиби жамланган. Италиядаги ўйинларнинг ўзи билангина Леау ва Тоналини қитъа миқёсидаги ҳақиқий юлдузлар дейиш қийин. Аммо еврокубок плей-оффларидаги ўйинларига қараб уларга бу мақом берилиши мумкин. Россонериларни бу ўйинларда етуклик синови кутмоқда.

«Боруссия» Д — «Челси»

Бу жамоалар Чемпионлар лигасида ҳали ўзаро ўйнамаган. «Челси» 1/8 босқичига фаворит мақомида чиқди. Грэм Поттер жамоа ўйинини барқарорлаштирди ва натижаларни яхшилади, аммо унда ЕЧЛ плей-оффида ўйнаш тажрибаси йўқ, шундай экан «Боруссия»га қарши ўйинлар ҳар қанақасига қийин кечади. Шу билан бирга Дортмунд ҳам ўзининг энг яхши даврларида эмас — бундеслигада жамоа тўртинчи ўринда бормоқда, ЕЧЛ гуруҳ босқичида эса инқироз ҳолатидаги «Севилья» ва очиқчасига кучсиз бўлган «Копенҳаген» билан дуранг ўйнади.

Бу ўйин эҳтимолий йирик трансфер нуқтайи назаридан ҳам қизиқ бўлиши мумкин. «Челси» анчадан буён «Боруссия»нинг янги етакчиси Жуд Беллингемни қўлга киритишга ҳаракат қилиб келмоқда. 1/8 ўйинлари бошлангунича англиялик истеъдод соҳиби «Стэмфорд Бриж» мезбонлари сафида пайдо бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Жуд Беллингем ёш бўлишига қарамай дортмундликлар сардори. Фото: AFP 

«Брюгге» — «Бенфика»

1/8 босқичидаги яна бир оддий бўлмаган жуфтлик. Мухлислар бу ўйинни сабрсизлик билан кутади дейиш қийин, аммо бу ерда «Брюгге» ЕЧЛда янги жасорат кўрсатишга қанчалик тайёр бўлишини кузатиш қизиқ бўлади. Бу жамоа турнир арафасида энг кучсиз жамоалардан бири сифатида таснифланганди, аммо сенсация кўрсатиб, охирги тургача гуруҳни бошқариб турди. Жамоанинг асосий юлдузи — ёзда «Барселона»дан келиб қўшилган форвард Ферран Хутгла бўлди. У Сова ва Ланг билан бирга доимий ҳаракатда бўлиш орқали рақиблар мудофаасига муаммолар туғдиришди. Симон Миньоле ҳам қаҳрамонликлар кўрсатди — «Ливерпул»нинг собиқ посбони турнирдаги бир неча ўйинда бир ўзи ўйинни қутқарди.

«Бенфика»дан эса шунчаки савиядаги фарқни намойиш этиш талаб қилинади. Дарвин Нуньес кетганидан кейин «бургутлар» барибир ҳужумкор ўйин намойиш этишмоқда — ҳужум чизиғида Рафа Силва, Рамуш, Нерес каби ижрочиларга эга бўлган жамоа гуруҳ босқичида 16 гол урди ва «ПСЖ»ни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

Мавзуга оид