Ўзбекистон | 12:57 / 21.12.2022
73947
2 дақиқада ўқилади

Бензин нархи 4300 сўмга тушиши ва енгил машиналардан газ ечилиши ҳақида хабарлар тарқалди, Энергетика вазирлиги изоҳ берди  

Ижтимоий тармоқларда транспорт воситаларига ўрнатилган суюлтирилган газ баллонлари ечиб олиниши, ҳамма автомобиллар бензинга ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳар икки хабар ҳам ёлғон. 

Фото: Getty Images

Телеграм каналларида бензин нархи тушиши ва енгил автомобиллардан газ ечилиши ҳақида хабарлар айланиб юрибди. 

Хабарга илова қилинган аудиода айтилишича, енгил машиналардан газ ечилиб, фақат юк машиналари ва автобуслар газда юради. 

“Метан аллақачон “отмен” бўляпти. Бензиннинг энг паст нархи 4300-4400 сўм бўлади”, – дейилади тарқалган овозли хабарларда. 

У норасмий манбаси метандан умид узишини айтгани, вилоятларда енгил машиналардаги метан портлашлари туфайли газ бекор бўлишини қўшимча қилган. 

Kun.uz тарқалган хабарлар юзасидан Энергетика вазирлигидан изоҳ олди. Вазирлик матбуот хизмати аудиодаги хабарлар ёлғон эканини маълум қилди. 

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 4 декабридан бошлаб Тошкент шаҳрида метан шохобчалар вақтинча ёпилди. Бунга аҳоли истеъмол қиладиган ва иситиш тизимида фойдаланиладиган табиий газ босими пасайиб кетгани сабаб бўлди. 

13 декабрдан бошлаб Тошкентдаги “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга туширилди. Бунинг ортидан “заправка”ларда узундан узоқ навбатлар кузатилди.  

Аввалроқ Навоийдаги “метан-заправка”да 1,5 млрд сўмлик газ ўғирлангани маълум қилинганди. Андижонда эса автомобилларга газ қуйиш шохобчасига машиналарни навбатсиз киритаётган шахсларга қамоқ жазоси тайинланди.

Мавзуга оид