10:35 / 06.01.2023
15043

Термизда бозор кўчирилишидан норози бўлган фуқаролар жанжал кўтарди

Ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатган ва жамоат тартибини бузган 13 нафар фуқарога маъмурий жазолар тайинланган.

Фото: Telegram / Шоҳрух Ғиёсов

Термиз шаҳрида бир гуруҳ фуқаролар бозор кўчирилишидан норози бўлиб мутасадди ташкилот вакилларига қаршилик кўрсатган. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби хабар бермоқда.

Ҳодиса 2023 йил 4 январ куни Термиз шаҳар «Юбилейный» номи билан аталувчи эски бозор ҳудудида содир бўлган.

Маълум қилинишича, шаҳар ҳокимининг қарори билан бозорда ноқонуний савдо қилиб турган шахсларни «Яшил дунё» савдо марказига кўчириш ишлари амалга оширилаётганда улар ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишган ва жамоат тартибини бузишган.

Шундан сўнг бозор ҳудудига жамоат тартибини тиклаш учун жалб қилинган ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан 14 нафар ҳуқуқбузар ИИБга олиб келинган ва улар билан тушунтириш-профилактик ишлари олиб борилган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан олти нафар фуқарога БҲМнинг 3 баравари, уч нафар фуқарога БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланган. Тўрт нафар фуқарога 5 сутка маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ҳам бозор кўчирилиши эски бозорда савдо қилиб турган фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлган ва оқибатда улар туман ҳокимининг ўринбосарини дўппослашганди.

Top