11:06 / 09.01.2023
19172

«Рецептсиз дори сотишни тақиқлаш, болаларга антибиотик буюришни тўхтатиш керак» – хориждаги оналар болалар тиббиёти ҳақида нима дейди?

Ривожланган давлатларда яшовчи ўзбек оналарининг маълум қилишича, уй шароитида укол қилиш, болаларга аҳволи ўта оғир бўлмаса антибиотик ичириш, рецептсиз дори сотиб олиш мумкин эмас. Оналарнинг фикрлари билан хориж ва Ўзбекистонда бола парвариши ва уни даволаш ўртасидаги фарқларни солиштириб чиқиш мумкин.

Фотоколлаж: Kun.uz

«Док-1 Макс» сиропидан заҳарланиб вафот этган болалар воқеаси кўпчиликни қайғуга солиши билан бирга хулоса чиқаришга ҳам сабаб бўлди. Тўғри, шу сабаб билан тиббиёт тизимида бирор нарса ўзгарадими-йўқми, бу сўроқ остида. Лекин ҳамма ўзи учун эҳтиёткор бўлиб, кичик ёшли боласига врач рецептисиз дори ичирмасликлари, бола парваришида ҳар бир нарсага эҳтиёткор бўлишлари кераклиги ҳақида оғриқли эслатма бўлди.

Айни мана шу воқеа фонида хориждаги оналарнинг чет эл врачлари билан муносабатлари, уларнинг бола парваришидаги тажрибалари ҳақида интервью қилдик. Бу суҳбат орқали турли ривожланган давлатларнинг болалар тиббиёти ҳақида қисман тасаввур олиш мумкин.

“Канадада антибиотик, шприцлар ҳаммага сотилмайди”

Севара Йўлдошева, Канадада яшайди:

Канадада аёл 8-12 ҳафта ҳомиладорлик вақти махсус ташкил этилган доя марказига бориб назоратга туради. Агар аёл соғлом бўлса, то туғуруққача 2 марта ултратовуш текширувидан ўтказади. Унга бириктирилган доя туғуруқни ҳам ўзи амалга оширади ва она-болани 3 ойгача ўзи назорат қилиб туради. 3 ойдан сўнг она ва болани оилавий врач назоратга олади. Бу жараёнларда ҳамма харажатларни давлат қоплаб беради.

Ўзбекистон билан Канада ўртасида асосий сезган фарқим – Ўзбекистонда болаларга антибиотик ёзиб беришида. Бундан жуда хафа бўламан, антибиотик зарарли. Канадада болаларга антибиотик буюрилмайди. Дорихоналарда антибиотиклар, шприцлар сотилмайди. Фақатгина шифокор рецепт қилиб ёзиб берса ва рецептда врачнинг ID-маълумотлари тўлиқ бўлсагина сотилади.

Канадада бола парваришида энг биринчи навбатда гигиена, тўғри овқатланиш ва ота-она муносабатларига эътибор берилади.

Ўзбекистонда ҳам биринчи навбатда дорилар рецептсиз сотилиши тўхтатилишини, антибиотиклар истеъмоли камайтирилишини хоҳлардим. Оналарга эса боласига берадиган ҳар бир дори таркиби билан яхшилаб танишиб чиқишларини тавсия қиламан.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳам тиббиёт ходимларини тайёрлашга катта эътибор қаратиш керак. Канадада шифокор бўлиш жуда қийин. Ёшлар врач бўлиш учун жуда қаттиқ ўқишади. Ўзбекистонда ҳам врачларни ўқитишни такомиллаштириш билан бирга маошларини ҳам кўтариш керак. Агар шифокор яхши ойлик маош олса, қанақадир фирмалар билан келишиб, дори сотиш ҳақида ўйламайди.

«Япония уколдан аллақачон воз кечган, антибиотик – энг охирги чора»

Маҳбуба Камолова, узоқ йиллар Японияда истиқомат қилган, айни пайтда Ўзбекистонда.

Япония тиббиёт тизими суғурта асосида ишлайди. Ҳар ой маълум миқдорда пул суғурта учун тўланади ва бола исталган хусусий клиникага кўрикка олиб борилганда клиника бепул хизмат кўрсатади. Шифохона эса пулни суғурта компаниясидан олади. 6 ёшгача бўлган болалар учун ҳар қандай тиббий хизмат – оддий кўрикдан то операциягача бўлган барчаси бепул. Суғурта компанияси бу харажатларни қоплаб беради. Бу – иқтисодий томони.

Энди тиббий маданият, тиббий билимни солиштирадиган бўлсак, айтадиганим: одамлар ҳам ўзларига зарур маълумотлардан хабардор бўлиши керак. Масалан, нормал тана ҳарорати, қон босими, касалликларнинг даврларини, тана ҳароратини туширишни ва шунга ўхшаш маълумотларни билиш керак. Касаллик ўзи кузатиладиган муддатдан ўтмаса, ҳар қанақа укол қилинса ҳам, бирданига тузалиб кетмаслигини, дорини ҳаддан ошириб юбормаслик кераклигини тушуниш керак.

Ҳозир Ўзбекистондамиз. Яқинда оилавий грипп бўлиб, 4 нафар болам билан шифохонага ётдик. Врач шифохонага боришимиз билан антибиотиклар, осма уколлар ёзди, лекин мен болаларимнинг ҳолатига қараб уларни олишни рад қилдим. Сабаби болаларим антибиотиксиз катта бўлишган. Қабул пайти қон топширгандик, аввал шунинг натижасини кўришимизни, кейин шунга қараб дориларга рози бўлишимни айтдим. Шунда врачларнинг энсаси қотди, «Унда нега шифохонага ётасан?» деб уришиб беришди. Эрталаб таҳлил жавоблари чиққач болаларимда осма укол оладиган даражада жиддий нарса йўқлиги маълум бўлди.

Японлар ўзини эплолмай, ҳушдан кетиш, оғзидаги нарсани ютишга ҳам ҳоли йўқ одамгагина осма укол улашади. Оёғи билан юриб борган одамга ҳеч қачон бундай укол қилинмайди.

Биз ҳам шифохонада йўталга қарши оддий таблетка, физиотерапия ва оддийроқ антибиотик – ампициллин билан тузалиб чиқдик.

Японияда иложи борича оддий дорилар билан болани тузатишга ҳаракат қилишади. Ҳар бир дори боланинг тана оғирлиги ва ҳолати ҳисобга олиниб, фақат ўзига мосланган дозада тайёрлаб берилади. Агар боланинг ҳолати яхшиланмаса, ундан кейинги босқичдагина антибиотик қўшишади (уни ҳам иньекция кўринишида эмас, порошок дорилар тарзида беришади).

Японияда мушак орасига иньекция қилишганини деярли учратмадим, улар бу усулдан аллақачон воз кечишган.

“Францияда дорилар рецептсиз сотилмайди”

Шарофий Шодиябегим, Францияда яшайди:

Францияда бола туғилгандан то бир ойлик бўлгунча унинг ҳолати туғуруқхона томонидан назорат қилинади. Бир ой давомида ҳар куни педиатр уйга келиб болани текширади. Ўша педиатрни кейинчалик бошқа вазиятларда ҳам кўрикка чақириш мумкин. Ҳаммаси 100 фоиз бепул.

Мамлакатда махсус она ва бола марказлари бор. Улар она ва боланинг руҳий, тиббий ҳолатига масъул. Бир ойликдан бошлаб ана шу марказ ҳар ойда бир марта она ва болани кўрикдан ўтказиб туради, эмлашларни қилади.

Бу давлатда дорилар, айниқса, антибиотиклар рецептсиз сотилмайди. Агар дорихоначи антибиотикни рецептсиз сотгани аниқланса, у жавобгарликка тортилади. Врачлар ҳам айнан нега антибиотик ёзганини исботлаб бериши керак. Уй шароитида укол олиш мумкин эмас. Қисқаси, французлар дорини жуда кам ичишади, баъзи одамлар ҳатто умри давомида антибиотик олмаслиги мумкин. Болаларга антибиотик дорилар фақат оғир ҳолатларда буюрилади. Ҳаттоки ўғлим бронхит бўлганда ҳам антибиотиксиз тузалди. Болага бериладиган ҳар бир витамин, ҳатто парацетамол ҳам назоратда туради.

Яна бир тарафи болаларни эмизиш бўйича ҳам махсус шифокорлар бор, уларга қўнғироқ қилиб ҳам керакли маслаҳатларни олиш мумкин.

Яна бир асосий жиҳат: болани фақат оилавий шифокор, касал бўлганда эса она ва бола марказидаги врач кўришга ҳақли. Исталган докторга болани олиб бориш мумкин эмас. Фақатгина шошилинч ҳолатларда «Тез ёрдам» чақирилади.

«Дориларни лицензиялаш талаби қаттиқ бўлиши керак»

Камола Насирова, АҚШда яшайди:

Америкада болани кўрикка олиб бориш учун аввалдан қабулга ёзилиш керак бўлади. Врачдан олдин болани ҳамшира ёки шифокор ёрдамчиси кўради. Улар ҳам диагноз қўя олишади, дори ёзи бера олишади. Шанба-якшанба кунлари эса «Тез ёрдам» клиникаларига мурожаат қилиш мумкин. У ерда умумий амалиёт шифокорлари ишлашади, уларнинг мақсади биринчи муолажани қилиш.

Менинг таклифим: Ўзбекистонда шифокорлар тайёрлаш тизимини яхшилаш керак, тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқиш қаттиқ бўлиши керак. Бундан ташқари, дориларни лицензиялаш талаби ҳам қаттиқ бўлиши, ҳамма ўзича дорихона очиб олавермаслиги лозим. Масалан, АҚШда FDA (Food and drug administration) ишлатишга рухсат бермаса, бирорта дори сотувга чиқарилмайди.

«90 фоиз ҳолатда болага сув, тоза ҳаво тўғри овқатланиш буюрилади»

Меҳри Раҳметова, АҚШда яшайди:

АҚШда яшаймиз, шифокор болаларни кўрикдан ўтказган 90 фоиз ҳолатда сув, тоза ҳаво, тўғри овқатланишни буюради. Иситма 38,5 дан баланд бўлганда туширилади. Даволашга мўлжалланган дорилар очиқ сотувда йўқ, фақат маҳаллий оғриқ қолдирувчилар, витаминлар, БАД (биологик фаол қўшимча)лар очиқ сотувда. Укол қилиш деган нарса умуман йўқ. Бу ерда болалар асосан чиниқиб, муздай нарсалар еб катта бўлади.

Бир хорижлик танишим Ўзбекистонга келиб, ҳар қадамда дорихоналар борлигини кўриб, шок бўлиб қолганди.

«Организм курашишига қўйиб беришади»

Лобар Баҳодировна, АҚШда яшайди:

Америкада шифокорлар бола танаси касалликка, масалан, вирусга қарши курашишига қўйиб беришади. Ҳатто тиш шифокори ҳам қуртлаган тишни олиб ташлашга шошилмайди: оғримаётган бўлса, болага чайнашига ёрдам бериш учун сақлаш мумкин деб ҳисоблайди. Табиий ҳолатга ташлаб қўйилса, организм вазифасини ўзи билиб қилишига болаларимда амин бўлганман. Бизда – Ўзбекистонда ҳам педиатрлар ота-оналарга шу усулни тарғиб қилишни истардим.

«Рецепт компьютерлашган»

Шаҳноза Самадова, Жанубий Кореяда яшайди:

Кореяда бола касал бўлса, антибиотик энг охирги чора сифатида ёзилади. Ҳар бир рецепт компьютерда қанчадан ва неча кун қай тартибда ичирилиши тушунарли қилиб 2та нусхада (бири бемор учун, бири дорихона учун) ёзилиб, албатта, печатланади. Биздаги каби қўлда рецепт ёзилмайди. Кореяда тиббиётга бизнес сифатида қарашмайди.

Дилноза, АҚШда яшайди:

Дастлаб, Жанубий Кореяда бир муддат, ҳозир эса АҚШда яшаймиз. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда тиббий суғурта жорий қилишни ва антибиотикларни фақатгина шифокор рухсати билангина керакли дозаларда сотилишини таклиф қилган бўлардим.

«Ўзбекистонда, қимматроқ дори ёзинг, дейишади»

Айнан шу мавзу юзасидан болаларини Ўзбекистонда катта қилаётган шифокор она – Муҳайё Ҳакимовадан ҳам интервью олдик:

Касбим бўйича кардиолог-узистман. Ўзбекистонда ҳам болаларимни уколларсиз катта қиляпман. Бизда тиббий маданиятда муаммо бор. Агар болага фақат битта ё иккита дори ёзиб бериб соғлом турмуш тарзига амал қилинг, десангиз, боланинг онаси сизни билимсизликда айблайди.

Ўзим кардиологман. Касалларимга осма укол ёзмасам, «ёзинг, илтимос», деб туриб олишади. Халқимизнинг онгига касал бўлиб қолса, укол ва осмаларсиз тузалиб бўлмайди, деган фикр сингиб кетган. Арзонроқ дори ёзсангиз ҳам «қимматроғидан ёзаверинг» дейишади. Бошида унда «шифокор кўригига келмасдан ўзингизга дори ёзиб олинг», деб жаҳл қилардим. Кейин таҳлил қилиб кўрсам, бундай фикрлаш онгимизга чуқур сингиб кетган, уни тозаламасак тиббиётда ҳам олдинга силжиш қийин бўларкан.

Поликлиникалардаги навбат ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бир врачга стандартдан анча кўп бемор тўғри келади, лекин ойлик жуда паст. Касал кўплигидан шифокорнинг китоб варақлашга ҳам, ўз устида ишлашга ҳам ҳоли қолмайди.

Яна бир аҳамият бериш керак бўлган нарса – қайноналарнинг бола парваришида аралашишлари, болани ўз вақтида шифокорга кўрсатмаслик, онанинг ўз боласига вақт ажрата олмаслиги. Ва энг катта муаммо – қайнона-келин можароси. Яқин бир йилда узоқ танишларимнинг 4 ва 6 ойлик болалари вақтида шифокорга мурожаат қилишмагани учун вафот этди.

Оналар билдирган фикрлар асосида уларнинг тиббиёт тизимига оид таклифларини жамладик:

  • Дориларни лицензиялашга жиддий қараш;
  • Тиббий суғурта тизимини жорий қилиш;
  • Дориларни рецептсиз сотмаслик;
  • Беморларга, айниқса, ёш болаларга антибиотик буюрмаслик;
  • Антибиотик, шприцларни очиқ сотувга қўймаслик;
  • Тиббиёт мутахассисларини тайёрлашни ислоҳ қилиш;
  • Шифокорлар маошини ошириш.

Ота-оналарга эса:

  • Тиббий маданиятни шакллантириш;
  • Болани даволашда турли эскича усуллардан воз кечиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш;
  • Гигиенага қатъий амал қилиш;
  • Болага берадиган ҳар бир дори таркиби билан жиддий танишиб чиқиш.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди

Top