14:40 / 30.01.2023
9121

Нукусдаги портлаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2023 йил 29 январь куни соат 16.00 ларда Нукус шаҳри, “Темир жол” МФЙ 22-кичик туманида жойлашган 8/1-сонли 4 қаватли турар жой биносида хонадонлар бирида сизиб чиққан табиий газ чақнаши оқибатида портлаш содир бўлиб, айрим хонадонларга зарар етган. 

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот тармоғи хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.

Аввалроқ Нукусда газ портлаган уй вайроналари остидан яна 4 кишининг жасади топилганди. ФВВ маълумотига кўра, фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарни ташкил этмоқда.

Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Top