Махфий маълумотларини бриллиантларга алмашган зобит: ФҚБ агенти нега СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилганди?
2001 йил феврал ойида Россия ташқи разведка идораси ўзининг АҚШдаги муҳим жосусидан айрилади. Шу куни аввалига СССР пайтида КГБ, сўнг Россия хавфсизлик идораларига махфий маълумотларни сотган Федерал қидирув бюроси агенти Вашингтонда қўлга олинади. 2002 йилда суд унга 15 марта умрбод қамоқ жазоси тайинлайди. 22 йил қаттиқ режимли қамоқхонада ўтирган собиқ ФҚБ агенти 2023 йил 5 июн куни ўзининг камерасида жонсиз ҳолда топилди.
АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарб давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.
Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча Британия ёки АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари советлар фойдасига ишлаган.
КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтишган.
Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган ва Ғарбга қочиб ўтишган.
Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.
Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.
Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари советлар томонидан тўланган мўмай пулга қизиққан. Ана шулардан бири Федерал қидирув бошқармаси (ФҚБ) агенти Роберт Ҳанссен эди.
Роберт Ҳанссен узоқ йиллар давомида аввалига КГБ билан, СССР парчаланиб кетгач Россия хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилади ва бу хизмати учун катта миқдорда пуллар олади. Охир-оқибат у 2001 йилда қўлга тушади ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Роберт Ҳанссен – туғма полициячи
Роберт Ҳанссен 1944 йилда Чикагода полициячи оиласида туғилади. Ўрта мактабни битиргач у коллежда рус тилини ўрганади. 1968 йилда Роберт 24 ёш эканида отасининг изидан бориб Чикаго полициясига ишга киради. У ички хавфсизлик бошқармасига терговчиси сифатида ишлай бошлайди.
Орадан тўрт йил ўтиб, 1976 йилда Робертни ФҚБга ишга таклиф этишади. У ташкилотнинг Индиана штатидаги идорасида ишлайди. 1978 йилда Роберт ФҚБнинг Нью-Йоркдаги идорасига ўтади.
Бу ерда у аввалига жиноий суриштирувлар бўлимида иш бошлайди. Сўнг разведкага қарши бўлимига ўтказилади.
Нью-Йоркда ишлаб юрганида унинг асосий вазифаси АҚШда дипломат сифатида ишлаб аслида жосуслик билан шуғулланиб юрганликда гумонланган хорижий шахслар ҳақида ҳужжат тўплаш эди.
Роберт ҳужжат тўплаган шахсларнинг аксарияти СССРнинг Нью-Йоркдаги консуллиги ходимлари ниқоби остида ишлаётган совет жосуслари эди.
1981 йилда Роберт ФҚБнинг Вашингтондаги бош идорасига ўтади. Рус тилини яхши билгани учун агент у ерда СССР бўйича таҳлил бўлимида ишлай бошлайди.
КГБ билан ҳамкорлик
1979 йилда Роберт пул эвазига маълумот сотишга қарор қилади ва Нью-Йоркдаги Совет савдо уйига бориб, савдо ходими қиёфасида ўтирган жосусга ҳамкорлик қилиш таклифини билдиради.
Ўшанда Роберт қўлидан жуда кўп махфий материаллар ўтишини ва улар туфайли озроқ пул ишлаб олишни мақсад қилганини айтади. Шундан сўнг ундан махфий материалларни сўрашади, у беради. Бу иши учун унга ўша пайтда яхши ҳақ тўлашади.
Бироқ узоқ йиллар давомида Британия разведкаси билан ҳамкорлик қилган ва охир-оқибат Ғарбга қочиб кетган КГБ полковниги Олег Гордиевскийнинг маълум қилишича, Роберт Ҳанссен совет махфий хизмати билан ҳамкорлик қилишни 1985 йилда бошлаган.
Роберт советларга сотган махфий маълумотлар орасида ФБР ва Марказий Разведка бошқармаси (МРБ) билан ҳамкорлик қилаётган совет жосуслари ҳақидаги маълумотлар ҳам бор эди.
Жумладан, АҚШда жосуслик қилган ва Америка хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган генерал Дмитрий Поляков фош этилишига айнан Роберт Ҳанссен советларга берган маълумотлар сабаб бўлганди.
1980 йилда Роберт совет жосусларига маълумот сотаётгани ҳақида хотинига айтади. Аёл зудлик билан эрини черковга жўнатади ва тавба қилиб советлардан олган пулларини эҳсон қилишини тайинлайди. Роберт хотинининг айтганини қилади ва советлар билан ҳамкорликни тўхтатади.
1985 йилда Роберт яна совет жосуслари билан ҳамкорликни бошлайди. У шифрланган махфий маълумотларни турли жамоат жойларига яширар, сўнг автомат телефондан қўнғироқ қилиб жойни айтарди. Совет жосуслари у айтган жойдан маълумотларни олиб кетишарди.
Шу тариқа 1991 йилгача Роберт КГБга жуда кўплаб махфий маълумотларни етказиб туради. СССР парчаланиб кетгач алоқалар узилади.
СССР парчаланиб кетгандан сўнг бир муддат Робертнинг тинчи бузилади. Чунки ўша пайтдан бошлаб АҚШга кўплаб собиқ КГБ ходимлари кўчиб ўта бошлайди ва улардан кимдир Робертни сотиб қўйиши мумкин эди.
Бироқ Робертнинг хавотирлари ўринсиз экан, ҳеч ким уни сотмайди. Ўшанда унга ўхшаган жосуслар ҳақида барча ходимлар билмас, шу туфайли унинг КГБга маълумотларни сотгани ошкор бўлмайди.
Россия ташқи разведка ходимлари билан ҳамкорлик
1999 йилда Роберт АҚШда ишлаётган Россия махфий хизмат ходимлари билан алоқага чиқади ва ҳамкорликни давом эттириш таклифини билдиради.
Бу пайтга келиб Роберт Ҳанссенда жуда кўплаб махфий муассасаларга кириш ва маълумотлар олиш учун рухсатнома бор эди.
Россияликлар билан ҳамкорлик қила бошлагандан сўнг орадан икки йил ўтиб 2001 йилда Роберт қўлга тушади. Уни Россиянинг БМТдаги вакиллари орасида ишлаган ва кейинчалик АҚШга қочиб ўтган Сергей Третяков «сотган» дейишади. Бироқ бу маълумот тасдиқланмаган.
Робертни МРБ фойдасига жосуслик қилган собиқ КГБ ходимларидан бири «сотгани» ҳақиқатга яқинроқ. Ўша ходим СССР пайтидаёқ ФҚБ агентларидан бири Рамон Гарсия лақаби остида сотқинлик қилаётгани ҳақида биларди. Бироқ сотқиннинг исм-шарифи Роберт Ҳанссен эканини билмасди.
КГБ ходими 2000-йиллар бошида АҚШга кўчиб ўтгач ўзида бор махфий маълумотларни МБР ходимларига «сотади». У берган ҳужжатлар орасида аввалига КГБ, сўнг Россия ташқи разведка ходимлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган ФҚБ агенти ҳақидаги маълумотлар ҳам бор эди.
Бироқ унгача ФҚБ ҳам ўз агентларидан бири Россия фойдасига жосуслик қилаётгани ҳақида далилларга эга эди. Бироқ улар ҳам сотқин айнан Роберт Ҳанссен эканини билмаган.
Охир-оқибат ФҚБдагилар КГБ билан ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган агентни қидираётиб Роберт Ҳанссендан гумон қилишади. Агент кузатувга олинади. Уни навбатдаги «операция» устида ушлашга қарор қилишади.
Робертни кузатиш ва қўлга олиш ишларига ФҚБнинг тажрибали агенти Ричард Гарсия бошчилик қилади. Унга ёш ходим Эрик О'Нил ёрдам беради.
ФҚБ ходимлари Роберт Ҳанссени кузатишар экан, воқеалар худди Ҳолливуд филмларида кўрсатиладиган ҳодисаларга ўхшарди. Ричард Гарсия Робертни чалғитиб, уни турли жойларга олиб боради. Бу пайтда бошқа агентлар, жумладан Эрик О'Нил унинг машинасини, уйини, идорадаги нарсаларини текшириб кўришади.
Ана шундай текширувлардан бирида Робертнинг машинасидан «Мутлақо махфий» деб ёзилган ҳужжатлар тўпламини топишади. Шунингдек, Эрик О'Нил унинг мини компьютери ва телефон қурилмаси хотирасини ҳам кўчириб олишга муваффақ бўлади.
Бироқ улар Робертнинг сотқинлиги учун етарли далил бўла олмасди. Шу сабабли уни навбатдаги махфий маълумотларни белгиланган жойга қўйиб кетиш пайтида ушлашга қарор қилишади.
Робертни кузатаётган агентлар жуда эҳтиёткорлик билан ишлашгани учун у ўзини пойлаб юришганини мутлақо сезмайди.
2001 йил 18 феврал куни Роберт махфий маълумотларни Виржиния штатидаги Фоксстон паркида (Вашингтон шаҳрига яқин) белгиланган жойга қўйиб кетар экан, уни қўлга олишади. Роберт Ҳанссени қўлга олиш операциясида 300 нафарга яқин ФҚБ ходимлари иштирок этади.
Ўша пайтда Роберт Ҳанссен 56 ёшда бўлиб, унинг қўлга олиниши жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади. Ҳодисадан хабар топган АҚШ президенти Кичик Жорж Буш «Бугун ўз мамлакатини яхши кўрувчи барча учун оғир кун бўлди», дейди.
ФҚБнинг ўша пайтдаги раҳбари Луис Фри эса «Бу АҚШ тарихидаги жосуслик билан боғлиқ энг жиддий ҳодиса бўлди», деганди.
Кейинчалик уни сотган собиқ КГБ ходимига ФҚБ миллион доллардан ошиқ пул тўлагани маълум бўлади. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг кимлиги ошкор қилинмайди.
Ўша пайтда Роберт Ҳанссен ФҚБда ўзига қарши қандай далиллар борлигини аниқ билмасди. Шу туфайли бир муддат иккиланади.
Агар у АҚШга хиёнат қилганидан тонса ва ФҚБ буни исботласа, Роберт ўлим жазосига ҳукм қилинарди. Мабодо айбини тан олса ва ҳамкорлик қилса, фақат узоқ йиллик қамоқ жазоси оларди.
Роберт иккинчи йўлни танлайди. 2001 йил 6 июн куни ўтказилган суд мажлисида у 15 та ҳолат бўйича СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилганини тан олади.
Суд жараёнларида унга СССР ва Россия фойдасига сотқинлик қилган яна бир америкалик Олдрич Эймс ва 1999 йилда Билл Клинтон билан Оқ уйда ишқий муносабатда бўлган Моника Левинскийга хизмат қилган машҳур адвокат Плато Кэчерис ёрдам беради.
Суд жараёнида Роберт Россия ташқи разведка ходимларига берган махфий маълумотлари учун жами 1,4 миллион доллар олгани очиқланади. Россияликлар унга 600 минг долларлик тақинчоқлар ва нақд пул беришади. Яна 800 минг долларни банк ҳисоб рақами орқали ўтказишади.
2002 йилда суднинг якуний мажлисида Роберт бир неча миллион доллар жарима ва 15 марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Шунингдек, суд қарорида у ҳар қандай ҳолатда ҳам озод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.
Ўшанда у ишни кўриб чиққан судяга қараб хоинлигидан афсусдалигини айтади:
«Қилган ишим учун узр сўрайман. Мен учун бу уят. Мен ўз хатти-ҳаракатларим билан бутунлай бегуноҳ бўлган хотиним ва ўғлимнинг туҳмат ва лаънат остида қолиб кетишларига сабабчи бўлдим. Бу мен учун энг оғриқли ҳолат бўлди».
Робертни Колорадо штатидаги қаттиқ режимли қамоқхонада сақлай бошлашади. Бу қамоқхонада умрбод қамоқ жазоси олганлар сақланади ва улар алоҳида камераларда бир-бирини кўрмасдан ёлғиз ўтиради.
2023 йил 5 июн куни 22 йилдан буён қамоқда ўтирган 79 ёшли Роберт Ҳанссен вафот этди. У Колорадо штатидаги қаттиқ режимли қамоқхонадаги ўз камерасида ўлик ҳолда топилади.
Reuters ФҚБ маълумотларига асосланиб Роберт ўз камерасида ўлик ҳолда топилганини маълум қилди. Associated Press ўз манбаасига таяниб Робертнинг ўлими табиий юз берганини ёзиб чиқди.
Роберт Ҳанссен ҳақида филм
Робертнинг қўлга олиниб қамалиши жуда шов-шув бўлади. Шундан сўнг 2006 йилда Ҳолливудда режиссёр Билли Рэй шу ҳақда филм суратга олади.
«Хиёнат» деб аталган филмда Роберт Ҳанссенинг ҳаёти борича кўрсатилган. Фильмда ҳам худди ҳаётда бўлганидай унинг сотқинлигини исботлаш ва қўлга олишда асосий ролни Эрик О’Нилл исм-шарифли ёш ФҚБ ходими бажаради.
Universal Pictures кинокомпанияси томонидан суратга олинган филмга 37 миллион доллар сарфланган. Унинг тақдимоти 2007 йил февралда ўтказилади.
Филмда бош ролни таниқли актёр Крис Купер, Эрик О’Нилл ролини эса Райан Филипп ижро этган. Филм ижодкорлари унинг жаҳон тақдимотидан жами 41 миллион доллар маблағ ишлашган. 106 дақиқа давом этадиган филм кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳоланган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.